5 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга ташриф буюрган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қўшма Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамдўстлик ишлари бўйича вазири ўринбосари Тобиас Эллвудни қабул қилди.

Суҳбат чоғида турли соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Буюк Британия ўзаро савдо ҳамда инвестицияларни жалб қилган ҳолда қўшма корхоналар ташкил этишга ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор соҳаси сифатида қарайди. Бугунги кунда мамлакатимизда британиялик сармоядорлар иштирокида 547 та корхона фаолият юритмоқда, шулардан 151 таси 100 фоизлик хорижий сармоя асосида ташкил этилган.

Учрашувда Тошкентдаги Вестминстер Университети маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналаридан бири сифатида эътироф этилди.

Буюк Британия Элчиси Кристофер Аллан иштирок этган мазкур музокараларда халқаро кун тартибнинг долзарб масалалари, шу жумладан Афғонистондаги вазият ҳам кўриб чиқилди.

Тобиас Эллвуд Қўшма Қиролликнинг ташқи ишлар ва ҳамдўстлик ишлари бўйича вазири ўринбосари лавозимига 2014 йилнинг июлида тайинланган. У Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, Марказий Осиё, терроризмга қарши кураш, мудофаа ва халқаро хавфсизлик ҳамда кадрлар ишлари билан боғлиқ масалалар билан шуғулланади.

Буюк Британия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари ўринбосари Тобиас Эллвуднинг Ўзбекистонга ташрифи ушбу лавозимни эгаллагадиган буён биринчиси ҳисобланади.