Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи ўртасида Ғазо секторида сулҳ тузиш ва гаровдагиларни алмашиш бўйича олиб борилаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолди, деб хабар бермоқда Reuters.

Агентлик маълумотларига кўра, ҲАМАС Ғазо секторида гаровга олинган исроилликларни озод қилиш учун жанговар ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш ва Исроил қўшинларини анклавдан олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Исроил эса, ўз навбатида, можаро ҲАМАС «тугатилмагунича» тўхтамайди, демоқда.

ҲАМАС, Қатар ва Миср музокарачилари Рамазон ойи арафасида Ғазода 40 кун ўт очмаслик бўйича келишувга эришиш учун айни дамда Қоҳирада бўлиб турибди, дея таъкидлайди Reuters. Аммо Исроил томони музокараларда иштирок этмаяпти, чунки ҲАМАС ҳали тирик бўлган гаровдагилар рўйхатини тақдим этишдан бош тортмоқда. ҲАМАСнинг таъкидлашича, жангни тўхтатмасдан туриб буни аниқлаш мумкин эмас, чунки гаровга олинганлар можаро зонаси бўйлаб «ёйилиб кетган».

АҚШ ҳам музокараларда воситачи сифатида қатнашмоқда. Аввалроқ президент Жо Байден келишув тақдири Фаластин гуруҳи «қўлида» эканини ва ҲАМАСга «оқилона таклиф» киритилганини айтганди. «Агар биз [жанглар] Рамазон ойида ҳам давом этадиган нуқтагача етиб келсак… бу жуда хавфли бўлади», — деганди у.

Сулҳ бўйича музокаралар анклавдаги гуманитар вазият ёмонлашаётгани фонида ўтмоқда. Февраль ойи охирида БМТ Ғазо аҳолисининг чорак қисми — 500 мингдан ортиқ киши — очарчиликка «бир қадам» яқин тургани ва анклавнинг деярли барча аҳолиси озиқ-овқатга муҳтожлигидан огоҳлантирган эди.

Халқаро гуманитар ташкилотлар Исроилни Ғазога ёрдам жўнатмалари кириб келишига тўсқинлик қилишда айбламоқда, Исроил томони эса, ўз навбатида, бу каби айбловларни рад этмоқда. Натижада бир нечта давлатлар анклавга ёрдамни самолётлар орқали етказиб бера бошлади. Ўтган ҳафта Қўшма Штатлар ҳарбий самолётлар ёрдамида Ғазо аҳолисига илк бор гуманитар ёрдам жўнатганди. Аввалроқ Миср, БАА ва Иордания ҳам Ғазога самолёт орқали озиқ-овқат етказиб берган.