Ижтимоий тармоқларда Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибига кирувчи мисни бойитиш фабрикаси (3-МБФ) қурилишида иш ҳақи тўланмаётгани сабабли Enter Engineering корхонасида норозилик намойиши бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Газета.uz»га ҳам кўплаб ишчилар кўчада тўпланиб, иш ҳақи кечикаётганидан норози эканини билдирган видео келиб тушди. Таҳририятга юборилган хабарда ишчилар январь, февраль ва март ойлари учун маош талаб қилгани айтилади.

Enter Engineering вазиятга изоҳ берди.

«Ходимларнинг иш ҳақи бевосита буюртмачи олдида бажарилган иш ҳажмини муваффақиятли асослаб берилишига тўғридан-тўғри боғлиқ. Шунга кўра, ҳозирги кунда ходимларнинг февраль ойи учун маошлари тўлиқ тўлаб берилган», — дейилади хабарда.

Келтирилишича, айни вақтда март ойи учун ҳажмларни асослаш жараёни кетмоқда, уларнинг якунига кўра, бутун иш ҳақи тўлаб берилади.

«Шундай тартиб борки, унга кўра, аввалига қурилиш объектларида олдинги ойда бажарилган ишлар ҳажми буюртмачи олдида ҳимояланиши керак. Айнан ҳимоя қилинган ҳажмлар иш ҳақини баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Сўнгра солиқларни ҳисоблаш ва ҳисоботларни топшириш, шунингдек, ходимларга тўлиқ маош бериш жараёнлари содир бўлади. Буларнинг ҳаммаси вақтни талаб қилади», — дея ҳолатни изоҳлади компания.

Enter Engineering`нинг тушунтиришича, компанияда ходимларга март ойи учун иш ҳақини тўлаш жараёни кетмоқда. Бу, биринчи навбатда, қурилиш компаниясининг ўзи, қолаверса, сифат назорати хизматлари ва буюртмачининг мустақил техник назорати хизматлари томонидан текширилиши керак бўлган қурилиш ишларининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ.

Компания хабарига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолар уч йил олдинги фейк видео ҳисобланади. Шунингдек, ташкилот ҳам буюртмачилар, ҳам ходимлари олдидаги барча мажбуриятларини бажариб келишига ишонтирди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг кузида Қашқадарёдаги GTL заводи қурилаётган жойда Enter Engineering ишчилари норозилик билдирганди. Улар маошларнинг кечикиши, карантин чоралари, ошхоналардаги навбатлар, кадрлар бўйича қарорлар шаффоф эмаслигидан шикоят қилган. Иш берувчи ва расмийлар уларнинг шикоятларини ҳал қилишга ваъда берган. Кейинроқ «погром» факти бўйича айрим ишчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди. Корхона мулкига етказилган умумий зарар 480 миллион сўмни ташкил этди.

2024 йил февраль ойида ОКМК мисни бойитиш фабрикаси қурилиш майдонида том қулаб, ишчиларни босиб қолди. Унда ҳиндистонлик 3 киши ҳалок бўлди, 29 киши жароҳатланди.

«Газета.uz» манбасининг хабар беришича, бу 3-МБФ қурилиши чоғидаги биринчи бахтсиз ҳодиса эмас. Келиб тушган видеоларда (таҳририятда мавжуд) ишчиларнинг қурилиш майдончасида иш вақтида жароҳат олгани акс этган. Бундай ҳолатларнинг айримлари, шу жумладан, ишчиларнинг айби билан ҳам содир бўлмоқда, бироқ уларнинг хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликлари, манбага кўра, улар юк кўтариш мосламалари, юкларни ташиш воситалари ва шахсий ҳимоя воситалари билан етарлича тўғри таъминланмагани билан ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, манбага кўра, ишчилар тўрт ойдан бери маош олмаган.

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра, ходимларга иш ҳақини тўлаш муддати ярим ойда бир мартадан кам бўлмаслиги керак. Тўловнинг ўз вақтида бажарилиши ва иш ҳақи миқдори бошқа тўловларни амалга ошириш ва уларнинг тартибига боғлиқ бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, иш берувчи, унинг молиявий аҳволидан қатъи назар, қонун ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ бажарилган иш учун ҳақ тўлаши шарт.