Энергетика вазири, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Қашқадарё вилояти ҳокими, «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари 21 октябрь куни эрталаб Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги GTL заводи қурилиш майдончаларининг бирида юз берган норозиликда иштирок этаётган ишчилар билан учрашди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати. Учрашувда ишчилар ўз эътирозларини баён қилишди.

Хабарга кўра, ишчиларни ташвишга солаётган асосий муаммо пандемия даврида 40−45 кун давомида объектдан чиқмай ишлаш тартиби ўрнатилган. Бу, ўз навбатида, уларнинг яқинлари билан кўп вақт кўришмаслигига олиб келган. Ишчилар қатъий карантин чора-тадбирларининг бекор қилиниши, яъни вахта усулида ишлаш тартиби — объектда 22 кун ишлаш ва 8 кун дам олишга ўтказилишини сўрашган. Ишчилар, шунингдек, ошхонадаги узун навбат, сифатли овқатланиш масалаларини ҳам кўтаришди.

«Қашқадарё вилояти хокими томонидан барча санитария ва эпидемиология чораларига риоя қилган ҳамда ПЦР таҳлилини ўз вақтида топширган ҳолда қатъий карантин чораларининг бекор қилиниши маъқулланди. Раҳбарият вакиллари томонидан ижтимоий тармоқлар ва қатор ОАВларидаги муҳокама чоғида алоҳида таъкидлаб ўтилган ходимларнинг ойлик маоши ўз вақтида тўлаб берилган. Ишчилар томонидан меҳнат шартномасининг бу банди бузилганлиги тасдиқланмади», — дея маълум қилди Энергетика вазирлиги.

Вазирликнинг хабар беришича, ишчиларнинг норозиликларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш учун махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг таркибига Қашқадарё вилояти ҳокимияти, ENTER Engineering компанияси касаба уюшмаси, Энергетика вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари киради. Доимий равишда низоли масалаларни ўрганиш учун 3−4 та шу каби ишчи гуруҳларни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

«Озодлик» радиосининг ўз манбаларига таяниб маълум қилишича, завод қурилишида овқатланиш сифати ҳам яхшиланган: «Кечки овқат сергўшт ва порцияси кўп бўлди. Эрталабки нонуштага сариëғ ҳам қўшилди ва тухум сони кўпайди», — деган «Озодлик» суҳбатдоши.

Тартибсизликларгача ишчиларга шу каби овқат берилган. Фото: «Озодлик».

Эслатиб ўтамиз 21 октябрь куни Қашқадарёдаги GTL заводи қурилаётган жойда ENTER Engineering ишчилари норозилик билдиришган, деразаларга тош отиб, бинолардан бирида «погром» уюштиришган эди.