Аввалроқ, Қашқадарё вилоятидаги GTL заводи қурилишида ENTER Engineering компаниясининг кўп миқдордаги ишчилари йиғилиб, деразаларга тош отгани, бинолардан бирида «погром» амалга оширилгани акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалганини маълум қилган эдик.

Воқеадан сўнг, Энергетика вазири, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Қашқадарё вилояти ҳокими, «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари 21 октябрь куни эрталаб Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги GTL заводига борган. У ерда мутасаддилар қурилиш майдончаларининг бирида юз берган норозиликларда қатнашган ишчилар билан учрашиб, уларнинг дардини тинглаган ва кўтарилган муаммолар ҳал этилиши бўйича тегишли чоралар кўрилиши айтилганди.

Норозиликларда иштирок этган ишчиларга нисбатан Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2020 йилнинг 26 октябрь куни холат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 173-моддаси 2-қисми «в» банди ва 277-моддасининг 2-қисми «б,в,е» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар беришича, намойишларда безорилик йўли билан корхонанинг жуда кўп миқдордаги мулкига шикаст етказиш мақсадида, завод қурилишига жалб қилинган ходимларнинг хизмат хоналарига оммавий тартибда, жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик йўли билан кириб, компания ходимларининг хизмат хоналарига кириш эшиклари ва дераза ромларининг ойналари тош ва темир жисмлар билан қасддан уриб синдирилган.

«19 турдаги 14 млн 320 минг сўмлик кузатув камералари, 9 дона ҳар хил турдаги жами 4 млн 365 минг сўмлик ёзув столлари, 33 дона жами 27 млн 777 минг сўмлик совуткичларга, корхоналарнинг ҳаммаси бўлиб 480 млн сўмлик жуда кўп миқдордаги мол-мулкларини яроқсиз ҳолатга келтириб, қасддан шикаст етказишган», — дейилади ИИБ хабарида.

Корхонанинг видеокузатув камераларидаги тасвирлар кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлган ишчилар жиноят иши доирасида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган.

Норозиликлардан бир ҳафта ўтгач олинган сурат. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Норозиликлардан бир ҳафта ўтгач олинган сурат. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Маълумот ўрнида, ҳозирда лойиҳа 90,9 фоизга бажарилган. Қурилиш майдонида эса жами 12 мингга яқин ишчи (шундан Ҳиндистон, Филиппин, Украина, Россия, Белорусь ва ХХР давлатларидан хорижлик мутахассислар 1 771 нафар) ҳамда 750 та оғир ва махсус қурилиш техникаси ишламоқда. Йил якунига қадар қурилиш ишлари якунланиб, 2021 йилдан ишлаб чиқариш бошланиши кўзда тутилган.