Қашқадарё вилоятидаги GTL заводи қурилишида ENTER Engineering компаниясининг кўп миқдордаги ишчилари йиғилиб, деразаларга тош отгани, бинолардан бирида «погром» амалга оширилгани акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалди. Видеода осмонга тутун кўтарилаётгани ҳам акс этган.

ENTER Engineering компанияси матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, воқеа Ғузор туманидаги объектлардан бирида содир бўлган.

«Ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб, ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимидаги (электрон кириш тизими) техник носозлик туфайли содир бўлган, оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган», — дейилади компания хабарида.

Фото: bugunuz / Telegram.

«Ҳозирда техник ходимлар гуруҳи моноблок тизимидаги носозликни тузатмоқда. Компания раҳбарияти тафсилотларини ўрганиш ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилоятига учиб боришган», — дея қайд этди компания матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда ишчилар ойликларининг ўз вақтида берилмаслигидан норози экани айтилмоқда. Компания эса объектда иш ҳақи беришда ҳеч қандай муаммо кузатилмаганлигини таъкидлади: «Тўловлар ўз вақтида амалга оширилмоқда», дейди компания. Бундан ташқари, ENTER Engineering компанияси ишчиларнинг меҳнат фаолияти учун барча зарур шароитлар яратилганини таъкидлаб ўтди.

10 сентябр куни компаниянинг бошқа бир объектида — Самарқанд сайёҳлик маркази қурилишида ҳам бир гуруҳ ишчилар шикоят қилишган эди. Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ишчиларга июнь ва июль ойларида иш ҳақи тўланмагани аниқланди. Қарзлар ва иш ҳақи 17 сентябрь куни тўланган.