Open Budget порталида «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2024 йил 1-мавсумидаги ғолиб лойиҳалари эълон қилинди, деб хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, республика бўйлаб 2 254 та маҳалла бўйича жами 2 770 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Уларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3,3 трлн сўм йўналтирилади.

Овоз бериш жараёнларида мамлакат бўйлаб 11,7 миллион нафар фуқаро иштирок этди, дейилади хабарда.

Вазирлик, шунингдек, Қизилтепа туманида фуқаролар мажбурий овоз тўплашга жалб этилганига тўхталди. «Мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларга аниқлик киритилмоқда, ўрганиш натижаларига кўра, мазкур туман бўйича ғолиб лойиҳалар қўшимча равишда эълон қилинади», — деб ёзди ИМВ матбуот хизмати.

Ғолиб лойиҳалар билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Очиқ бюджет» порталида ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳалари бўйича овоз бериш босқичи 13 мартдан 4 апрелгача (орада 3 кун танаффус билан) давом этди. Портал маълумотларига кўра, 9443 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 35 575 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 28 919 таси маъқулланган.

Бундан ташқари, ушбу мавсумдан бошлаб овоз бериш жараёнига «Бир фуқаро, бир овоз» тамойили жорий этилди. Мақсад — овоз йиғиш учун оммавий равишда SIM-карта харид қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш.

Аввалроқ «Газета.uz» лойиҳа одамларни умумий ташаббуслар атрофида бирлаштириш ва фуқаролик фаоллигини ривожлантиришда қандай ёрдам бераётгани ҳақида ёзганди.