2024 йилда «Ташаббусли бюджет» жараёнларининг 1-мавсумидан бошлаб айрим ўзгартиришлар кучга кириши кутилмоқда. Хусусан, «Бир фуқаро — бир овоз» тизими жорий этилади. Бу ҳақда 31 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Шерзод Муҳамедов ушбу тизим ҳақида батафсил маълумот берди.

ташаббусли  бюджет, бир фуқаро — бир овоз

Шерзод Муҳамедов. Фото: АОКА.

«Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг махсус электрон базасини электрон ҳукумат билан интеграция қилдик. Яъни эндиликда фуқаро лойиҳага овоз бераётганида унинг шахсига автоматик равишда аниқлик киритилади ва у томонидан берилган биринчи овоз қабул қилинади. Мисол учун, менда ўз паспортимга олинган тўртта SIM карта бор. Мен лойиҳага биринчи SIM картам орқали овоз берсам, „Ҳурматли фуқаро, сизнинг овозингиз муваффақиятли қабул қилинди“, деган SMS хабарнома келади. Кейинги иккинчи SIM картам орқали овоз беришга уринсам, бизнинг база уни автоматик тарзда текшириб, „Ҳурматли фуқаро, сиз (рақам кўрсатилади — таҳр.) телефон рақамингиз орқали аввал овоз бериб бўлгансиз“, дея рад жавоби келади», — деди вазирлик вакили.

Унинг қайд этишича, «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига овоз бериш жараёнида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди: фуқаролар аввалгидек ўзлари хоҳлаган лойиҳага фақат уяли алоқа воситалари орқали SMS хабарномалар олган ҳолда овоз беради.

«„Бир фуқаро — бир овоз“ тизимида фуқаролар овоз бераётган пайтида қўшимча маълумотлар ёки шахсини тасдиқловчи бошқа маълумотларни киритишларига ҳожат йўқ. Юқорида айтганимдек, олдингидек „Open budget“ порталига кириб, телефон рақамини териб ва келган SMS кодни тасдиқлаган ҳолда овоз беришади, холос. Қолган жараён вазирликнинг электрон базасида амалга оширилиб, фуқароларга автоматик равишда жавоб юборилади», — деди у.

Шерзод Муҳамедовнинг айтишича, «Бир фуқаро — бир овоз» тизими янгилиги сабабли фуқаролар орасида кўплаб тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин.

«Кўп оилаларда бир одам номига бир қанча SIM карталар расмийлаштирилган бўлади. Мисол учун, мен ўзимнинг паспортим орқали синглимга, ота-онамга рақам олиб берганман, дейлик. Аммо улар „Ташаббусли бюджет“ лойиҳаларида овоз бера олмаслиги мумкин. Чунки улар овоз бераётган вақтда вазирлик базаси орқали автоматик тарзда телефон рақам кимнинг номида экани текширилади. SIM картани ким ишлатаётгани аҳамиятсиз, у кимнинг номидалиги муҳим. Жараёнда SIM карта кимнинг паспортига олингани ва у фуқаро аввал бошқа SIM картаси орқали лойиҳага овоз берган ё бермагани ҳам текширилади. Шунга қараб, жавоб SMS юборилади», — деди департамент директори.

«Шу сабабли барча фуқаролар ва жамоатчиликка айтган бўлардикки, кимдадир шу каби ҳолатлар кузатилса, демак сизнинг номингизга бошқа одам учун ҳам сим карта олинган ёки сиз ишлатаётган телефон рақам бошқа бир фуқаро номига олинган ва у бошқа лойиҳага овоз бериб бўлган. Ушбу ҳолатларда сизнинг овозингиз қабул қилинмай қолади», — деди у.

Департамент директори «Бир фуқаро — бир овоз» тизимини йўлга қўйишга сабаб бўлган омиллар тўғрисида ҳам гапирди.

«Ўтган икки мавсумда фуқаролар ўз номига юзлаб, минглаб SIM карталарни расмийлаштириб, овоз йиғгани эътирозларга сабаб бўлди. „Бир фуқаро — бир овоз“ тамойили амалда ишламаяпти», деган мурожаатлар келди. Мисол учун, бизнинг маҳаллада минг нафар одам яшайди, аммо SIM карталар сотиб олиш орқали ўн минглаб овоз йиғилди. Аммо қўшни маҳалла аҳолиси SIM карталар сотиб ололмади ва етарли овоз тўплай олмади", деган эътирозлар бўлди", — деди Шерзод Муҳамадиев.

Унинг сўзларига кўра, шундан сўнг бу масалага ечим сифатида ҳар хил вариантлар ва турли йўллар устида ўйланган. Охир-оқибат, овоз берувчиларга қийинчилик туғдирмаслик учун шу вариант танланган.

«Жамоатчилик, яъни ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар билан маслаҳатлашган ҳолда „Бир фуқаро — бир овоз“ тизимини танладик ва жорий қилдик», — деди вазирлик расмийси.