Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари Ўлмас Истамов ташкилот раҳбарларини Open Budget учун овоз йиғишга мажбурлагани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Ҳолатни Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ўрганиб чиққан. Ўрганиш натижасида туман ҳокимининг ёшлар ва ижтимоий ривожлантириш, маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари Open Budget дастури доирасида ташкилот раҳбарларининг хизмат вазифаларига кирмайдиган ташаббусли бюджет лойиҳасига овоз йиғишга тарғиб қилгани ва мажбуран жалб қилгани аниқланган.

Бош прокуратура ҳамда Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишда ҳоким ўринбосарининг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган. Ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда унга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисми (БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади) билан жарима жазоси тайинланган.

Миллий комиссия барча масъулларни, шунингдек, иш берувчиларни, ҳудуд раҳбарларини ходимларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга чақирган.

Комиссия, шунингдек, Конституцияга мувофиқ ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эгалигини, шунингдек, мамлакатда мажбурий меҳнат тақиқланганлиги ҳамда миллий қонунчилигимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганини эслатган.

Ҳоким ўринбосари бу топшириқни ҳоким бергани, кечгача белгиланган овозни тўпламаган раҳбарлар ишдан олинишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, ҳоким ўринбосари бир неча ташкилотлар раҳбарларини кечгача 50 тадан овоз йиғишга мажбурлаган, уларни «ноинсофлар» деб атаган ва унга «бундай команда керак эмас»лигини қўшимча қилганди.

Шундан сўнг Истамовга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.