13 март куни «Очиқ бюджет» порталида ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳалари бўйича овоз бериш босқичи старт олади. Овоз бериш чоршанба куни кечқурун — соат 00:00 дан бошланади ва 4 апрель соат 23:59 гача давом этади.

2024 йилнинг биринчи мавсуми доирасида фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштиришга қарийб 3,02 триллион сўм йўналтирилиши кутилмоқда. «Очиқ бюджет» портали маълумотларига кўра, 9443 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 35 575 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 28 919 таси маъқулланган.

Жорий мавсумдан бошлаб овоз бериш жараёнига «Бир фуқаро, бир овоз» тамойили жорий этилмоқда. Мақсад — овоз йиғиш учун оммавий равишда SIM-карта харид қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш.

Аввалроқ 2024 йилдан бошлаб «Очиқ бюджет» портали орқали фуқаролар умумхалқ боғлари ва парклари яратиш бўйича 250 миллион сўмгача бўлган ташаббусларни илгари суриши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

«Газета.uz» лойиҳа одамларни умумий ташаббуслар атрофида бирлаштириш ва фуқаролик фаоллигини ривожлантиришда қандай ёрдам бераётгани ҳақида ёзганди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги собиқ доимий вакили Матильда Димовска «Газета.uz»даги мақоласида ташаббусли бюджетлаштириш фуқароларда муаммоларни ҳал қилиш ва ҳаёт сифатини яхшилашда алоқадорлик ҳиссини кучайтиради, деб ёзганди.