Kun.uz Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўлмас Истамовга тегишли экани айтилган аудиохабарни эълон қилди. Унда Истамов ҳудудий ташкилот раҳбарларини Open Budget`да овоз тўплашга мажбурлаганини эшитиш мумкин.

Ҳоким ўринбосари бу топшириқни ҳоким бергани, кечгача белгиланган овозни тўпламаган раҳбарлар ишдан олинишини таъкидлади.

«Ҳозир ҳоким топшириқ бердилар, агар биттанг ўзгариш, натижа қилмайдиган бўлсанг, хафа бўлиб ўтирма. Шаҳриёр СЭС, натижа қилсанг қил, жўра, бўлмаса, аризангни ёз, қури бу ердан, тушундингми гапимни? Менга бугун натижа қиласан. Агар обеддан кейин юзта овоз йиғиб бермасанг, йўқ бўласан, жўра. Менга сендек раҳбар керакмас», — дейди у аудиохабар аввалида.

У шундан сўнг мактабгача таълим муассасаси раҳбари, депутат Нодира Атамуродовага юзланди.

«Қани 3-боғча, депутат Атамуродова? Сизга яхши гапирдим. Нима учун натижа қилмаяпсиз? Бугун кечгача, Атамуродова мисолида айтяпман, қолган боғчаларга ҳам тегишли… Айтиб қўяй, бугун жуда катта ўзгариш бўлади кадрлар масаласида. Камида 50 фоиз боғча мудирлари ишдан кетади», — деди Истамов.

Ҳоким ўринбосари ҳамма ўз ишини қўйиб, Open Budget бўйича овоз бериши кераклигини буюрди.

«Ҳамма хулоса қилсин, катта йиғилиш бўлади мана шу масала бўйича. Агар бугун ким ўзгариш қилмайдиган бўлса, ҳурматли боғчалар, кейин хафа бўлиб ўтирманг бирортангиз: қизиғи йўқ ким бўлишидан қатъи назар. Шунинг учун ҳамма хулоса қилиб, бугун камида 50 та ўзгариш қилиши керак. Агар ўзини ҳурмат қиладиган раҳбар бўлса, керак бўлса, бирорта қариндошими, бошқасими, унинг номига SIM карта олиб бўлса ҳам қилади. Агар ёғ керак бўлса, ёғ ҳам бераман сизларга, тайёрман шу нарсага ҳам», — деди у.

Истамов, шунингдек, 35-боғча «қилиб бераман, деб қасамхўрлик қилгани», лекин овоз йиғилмагани, бу ҳолат 8-, 18-, 26-боғчаларга ҳам тегишли эканини айтди. «Яхши бўлмайди бугун, айтиб қўяй. Жуда қаттиқ йиғилиш бўлди ҳозир шу масала бўйича. Бирортангиз кечирилмайсиз, мен „конкрет“ огоҳлантиряпман», — деди ҳоким ўринбосари.

У нутқини давом эттираркан, Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бўлими раҳбари, бундан ташқари, мусиқа ва спорт мактаблари раҳбарлари ҳам натижа кўрсатмаса, ишдан олинишини таъкидлади.

Ҳоким ўринбосари бир неча бор ташкилотлар раҳбарларига нисбатан «ноинсофлар» жумласини ишлатди ва унга «бундай команда керак эмас»лигини қўшимча қилди.

34 ёшли Истамов мазкур лавозимни 2022 йилнинг 15 февралида эгаллаган.

Ҳокимлик муносабати

Қизилтепа тумани ҳокимлиги мазкур вазиятни изоҳлар экан, ҳокимлик бу каби ножўя ҳаракатлар ва ходимларга нисбатан ҳурматсизликни кескин қоралашини билдирди.

«Ушбу йиғилиш аудиоси ва ундаги ишлатилган қўполлик юзасидан туман ҳокимлигида ҳоким ўринбосарига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши ва тегишли чора кўрилиши белгиланди», — дейилади хабарда.