Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Юнусобод деҳқон бозори ва Аҳмад Дониш бозорини олти қаватли қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни пойтахт кенгаши йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентнинг ўта чекланган майдони шароитида мавжуд инфратузилмани вертикал ўсиши ҳисобига саноат ва савдони ривожлантириш зарур.

«Масалан, 4,8 гектарлик Юнусобод деҳқон бозори бир қаватли бўлгани учун димиқиб кетган. „Алоқабанк“ бошқаруви раиси Ирисбекова [бозорни] ер остига икки қават, ер устига олти қават қилиб қуришга хорижлик инвесторлар 40 миллион доллар сармоя киритиб ва 2500 иш ўрни яратиш таклифини берган», — деди президент.

Шунингдек, Юнусободда туманида 16,5 гектар майдонда жойлашган кичик саноат зонасида 91 та бино ва иншоотлар жойлашган. Лекин уларнинг 77 минг кв метр биноларни 3−4 қават қилиб қайта қуриш ҳисобига қўшимча 200 минг кв метр ҳосил бўлиши мумкин, деди Шавкат Мирзиёев.

Бунинг натижасида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 850 миллиард сўмдан 2,5 триллион сўмга, экспорт ҳажмини 24 миллион доллардан 80 миллион долларга, бюджет даромадларини 100 миллиард сўмдан 300 миллиард сўмга, иш ўринларини 1,5 мингдан 4,5 минг нафарга ошириш мумкин.

Аввал ёзганимиздек, президент сессияда Амир Темур шоҳ кўчасидаги саккизта давлат идоралари биноларини реконструкция қилиш ва савдо объектлари, офислар ва ер ости тўхташ жойларига эга меҳмонхоналар ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига беришни ҳам таклиф қилди.

Декабрь ойида давлат раҳбари бозорларни Ўзбекистоннинг «визит картаси»га айлантириш кераклигини айтганди. У миллий маданиятни акс эттирувчи янги замонавий бозор мажмуалари лойиҳасини ишлаб чиқишга топшириқ берганди.

Январь ойида Шавкат Мирзиёевга тарихий шаҳарлар бозорларини сайёҳлар учун жозибадор мажмуаларга айлантириш бўйича лойиҳалар, шунингдек, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги янги бозорлар лойиҳалари тақдим этилган эди. 515 та бозорни «тартибга келтириш» учун алоҳида дастур ишлаб чиқилаётгани хабар қилинди.

Февраль ойида президент Ўзбекистонда бош режалар йўқлиги туфайли айрим шаҳар ва қишлоқлар фақат майдонларни кўпайтириш ҳисобига кенгаяётгани, бу эса инфратузилма харажатларининг ошишига, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг қисқаришига олиб келишини айтганди.