Президент Шавкат Мирзиёев 9 январь куни тарихий шаҳарлардаги бозорларни туристлар учун жозибадор масканларга айлантириш бўйича дастлабки лойиҳалар билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Аввалроқ, президент 18 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда бозорларни Ўзбекистоннинг «ташриф қоғози»га айлантириш зарурлигини айтганди. У миллий маданиятни акс эттирган янги замонавий бозор комплекслари лойиҳасини ишлаб чиқишни топширганди.

«Бозорларимизнинг ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолган ҳолда уларни юртимизнинг «ташриф қоғози»га айлантириш керак. Озиқ-овқат, кийим-кечак, заргарлик дўконлари, ошхоналар, кўнгилочар масканлар ҳамоҳанг бўлиши, харидорлар ва туристларни ўзига жалб қилиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада Туркия ва араб мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, лойиҳалаштиришга хорижий мутахассисларни таклиф этиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Тақдимотда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туризм марказларида қурилиши режалаштирилаётган бозорлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Давлат раҳбари уларда ҳам ҳудудий колоритни акс эттириш, туристлар учун кенгроқ шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берди, дейилади хабарда.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, президент Янги Тошкентда ҳам замонавий бозор мажмуаси қуришни ҳозирданоқ режалаштириш кераклигини таъкидлади. Умуман, 515 та бозорни «тартибга келтириш» бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилмоқда («Қўйлиқ» деҳқон бозорини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган).

бозорлар, шавкат мирзиёев

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Шамсиддин Сохибназаров давлат раҳбари томонидан юқорида қайд этилган ҳудудларда замонавий мажмуалар қуриш бўйича қўшимча топшириқлар берилганини маълум қилди.

«[Президент] асосан, бозор комплексларини замонавий типда ва меъморчилик усулларидан фойдаланган ҳолда аҳоли ва тадбиркорлар учун ҳамда чет элдан келган туристлар учун қулай бўлиши кераклиги юзасидан топшириқ берди. Бунда Made in Uzbekistan бренди остида ишлаб чиқарилган маҳаллий маҳсулотларнинг уйғунлиги, ҳунармандчилик буюмларимизни ишлаб чиқарувчи расталарни кўпайтириш ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш комплексларини ташкил қилиш, шунингдек, миллий анъаналаримизга мос равишда мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш расталарини алоҳида-алоҳида қўйиши юзасидан топшириқ берилди. Ушбу савдо комплексларида аҳоли учун кўнгилочар масканлар ва овқатланиш жойларини ташкил қилиш бўйича ҳам топшириқ берилди», — деди у.

бозорлар, шавкат мирзиёев

Тақдимот слайдларидан бирида Хива шаҳридаги бозор лойиҳаси тақдим этилди.

бозорлар, шавкат мирзиёев

Яна бир слайдда Самарқанд шаҳрида Eko Life Fruits МЧЖ томонидан Автомобиль транспорт-экспедиция комбинати ҳудудида ва Регистон майдонидан 8 км узоқликдаги 8 гектар майдонда бозор қуриш лойиҳасини кўриш мумкин.