Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши сессиясида Юнусобод туманидаги давлат муассасаларининг эски биноларини тадбиркорлик лойиҳалари учун беришни таклиф этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

«Юнусобод пойтахтнинг энг қулай қисмида жойлашгани учун кредит олмасдан, ўз сармоясини киритиб, иш ўрни яратишга интилаётган ташаббускорлар жуда кўп. Лекин уларни энг қийнайдиган масала — туманда бўш жой топиш», — дея президентнинг сўзларини келтиради унинг матбуот котиби.

«Амир Темур шоҳ кўчаси сўнгги етти йилда тадбиркорлар учун энг жозибадор кўчага, ҳудуднинг ўсиш нуқтасига айланди. Лекин кўчанинг 6 километр қисмида эскирган қиёфадаги 3−4 қаватли 8 та давлат идоралари жойлашган», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бу биноларни ерости автотураргоҳи бор кўп қаватли савдо, хизмат ва овқатланиш объектлари, офис ва меҳмонхона шаклида қайта қуриш шарти билан лойиҳалар амалга оширилса, тадбиркорлар ва иш ўринлари сонини кўпайтириш мумкин», — деди у.

Шавкат Мирзиёевга кўра, шундай лойиҳаларни банк филиаллари ўрнида ҳамда давлат ташкилотлари эгаллаб турган 24,5 гектар негизида ҳам амалга ошириш мумкин.

Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб (Амир Темур майдонидан катта ҳалқа йўлигача) ФҲДЁ архив биноси, туман солиқ бўлими, Мажбурий ижро бюроси, Юнусобод тумани ҳокимлиги, Тошкент молия институти (Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан бирлашмоқда) ва бошқа объектлар жойлашган.