Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда сотувчилар, харидорлар ва сайёҳлар учун бозорларнинг қулайлик масалаларини муҳокама қилди.

Бозорларда сайёҳлар узоқ ушланиб қолмаётгани, айрим бозорлардаги кириб-чиқишдаги ноқулайликлар, тирбандлик аҳоли ва сайёҳлар эътирозига сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Шу муносабат билан бозорларни туристлар кунлаб вақтини ўтказиши мумкин бўлган мажмуаларга, мамлакатнинг «ташриф қоғози»га айлантириш муҳимлиги айтилди. Президент миллий маданиятни акс эттирган янги замонавий бозор комплекслари лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди.

Аввалроқ Atlas консалтинг компаниясининг ҳудудий ривожлантириш соҳасидаги тадқиқотида Ўзбекистон бозорлари уникаллиги ва ўзига хос муҳитини сақлаб қолган ҳолда замонавийлаштирилса, жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган бозорларга айланиши мумкинлиги ҳақида сўз борганди.

Шунингдек, йиғилишда сайёҳларни жалб этиш мақсадида хорижда олтин буюмлар савдоси кенг йўлга қўйилгани ҳам таъкидланди.

Ўзбекистонда бунинг учун етарли шарт-шароит яратилган бўлса-да, сўнгги икки йил ичида жуда кам тилла буюмлар сотилган, дея қайд этди давлат раҳбари матбуот котиби.

Шу боис 2024 йилда замонавий заргарлик комплексларини ҳар бир ҳудудда ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди. Улардаги дўкон ва расталар, заргарлик ускуналари 7 йилга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади. Шунингдек, мамлакатда халқаро «Ўзбекистон ипак матолари» мода ҳафталигини ташкил қилиш таклифи билдирилди.

Сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун меҳмонхона ва меҳмон уйлари сонини кўпайтириш режалаштирилган.

Тарихий-курорт сайёҳлик объектларининг (Хонобод, Бойсун, Бахмал, Фориш, Ангрен ва Оҳангарон) мастер режаларини тайёрлаш, уларнинг инфратузилмаси учун қўшимча маблағ ажратишга қарор қилинди.

Омонхона, Майданак каби туристик объектлар инфратузилмасини яхшилашга 30 миллион доллар йўналтириш, туризм объектларига олиб борувчи йўллар инфратузилмасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратиш қарор қилинди.