Шавкат Мирзиёев чоршанба куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши сессиясида ўз тавсиясига кўра пойтахт ҳокими этиб тасдиқланган Шавкат Умурзоқов ҳақида гапирди.

Давлат раҳбари «халқ вакиллари (депутатлар) билдирган бу юксак ишонч янги ҳокимдан катта масъулият, тинимсиз меҳнат ва фидойиликни талаб қилишини» таъкидлади.

«…Тошкентга ҳоким қўйиш осон эмас…Бир йил олдин Шавкат Бўронович Умурзоқовга ишонч билдиргандик. Ўтган вақт давомида у ҳам ўрганди, тажриба тўплади…Маҳаллаларни ривожлантириш учун фақат бюджетга таянмай, қўшимча имкониятларни ишга сола биляпти. Ўйлайманки, азим пойтахтимизнинг бири икки бўлишига ҳаракат қилади»", — дея президентнинг сўзларидан иқтибос келтирди журналист Азиза Қурбонова.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, янги ҳоким ўз ўринбосарлари, туман ҳокимлари, сектор ва банк раҳбарлари, «маҳалла еттилиги» билан пойтахт аҳолиси учун муносиб шароит яратиш, инвестиция олиб келиб, янги-янги юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш, шаҳарни янада обод қилиши керак.

Бир сўз билан айтганда, одамлар рози бўлиши учун янгича ёндашув асосида катта марраларни олиб, қаттиқ ишлаши керак, деди Шавкат Мирзиёев.

«Ўтган давр мобайнида у „Ўзбекистон-2030“ стратегиясида ўз ифодасини топган, Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларининг қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, инвестицион бизнес-муҳитни яхшилаш, ва экологик барқарорликка эришишга қаратилган мақсадлар сари собитқадамлик билан бораётган, қатиққўл ва адолатли раҳбар эканлигини намоён қилди», — дея қайд этганди ҳокимлик ўз хабарида.