Олий Мажлис Сенати 21 октябрь куни ўтказилган 20 ялпи мажлисида давлат бюджети харажатларини оширишни маъқуллаган эди. Унинг доирасида Энергетика вазирлигига 1 трлн сўм (93 млн долларга яқин) маблағ ажратиш кўзда тутилган.

«Газета.uz» ушбу маблағ «республика истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини қондириш мақсадида табиий газ сотиб олиш ва сотишнинг ўртача баҳосидаги фарқни қоплаш учун субсидия» сифатида сарфлаш режалаштирилгани ҳақида хабар берганди.

Нашр сўровига кўра, Энергетика вазирлиги матбуот хизмати субсидия нима учун ажратилганини тушунтирди.

Вазирлик маълумотларига кўра, маиший истеъмол учун табиий газ Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида»ги (2019 йил 30 июлдаги ПКМ-633-сон) қарорига мувофиқ белгиланган тарифлар бўйича сотилади. .

Бундан ташқари, табиий газни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш ва якуний истеъмолчига сотишни амалга оширувчи «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» ва «Худудгазтаъминот» корхоналари ўртасида табиий газни сотиб олиш ва сотиш нархлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгиланади.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти ягона оператор сифатида «Худудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ва магистраль газ узатиш тизимига уланган истеъмолчилар ўртасида тузилган тўғридан-тўғри шартномалар асосида табиий газни бошқа қўшма корхоналар ва хорижий компаниялардан бозор тамойиллари асосида сотиб олади ва табиий газни реализация қилади.

2020 йил якунига кўра, «Ўзтрансгаз» томонидан маиший истеъмолчиларга етказиб берилаётган 1000 куб метр табиий газнинг қиймати компания табиий газни сотаётган ўртача нархдан 90 минг сўмга қимматроқ бўлди. Бу ўз мажбуриятларини бажаришда нақд пул тақчиллигини келтириб чиқаради, дейилади изоҳда.

Натижада 2020 йилда корхона 3,6 трлн сўм зарар кўрди ва бу «режалаштирилган лойиҳаларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш объектларини жорий ва капитал таъмирлаш, шунингдек, кредит мажбуриятларини бажаришда жиддий муаммолар»га олиб келди. Шу муносабат билан 1 трлн сўмлик субсидия ажратилмоқда, дея таъкидлади Энергетика вазирлиги.

2019 йилнинг июнь ойида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бугунги кунда «Лукойл»дан ички бозорга сотиш учун 146 доллардан газ харид қилиб, уни аҳолига 40 доллардан сотаётганини таъкидлаганди. Президентнинг сўзларига кўра, ҳар бир куб метр ўртасидаги 100 долларлик фарқ 600 млн долларлик қарзни пайдо қилган.

Энергетика вазирининг собиқ ўринбосари Беҳзот Норматов 2020 йилда «Лукойл» компанияси Ўзбекистон бозорига бирламчи 5 млрд куб метр газ сотганини таъкидлаганди. 2019 йилнинг март ойида «Лукойл» Ўзбекистон билан Қандим лойиҳасидан йилига 5 млрд куб метргача газни ички бозор учун экспорт нетбэкига 12,5 фоизлик чегирма билан етказиб беришга келишгани маълум қилинганди.

Қиш фасли арафасида Ўзбекистон раҳбарияти табиий газни экспортга реализация қилишда акциз солиғи ставкасининг ноль фоиз миқдорида белгиланишга оид фармонни қабул қилди. Шунингдек, табиий газ импорт қилувчи компаниялар божхона божидан озод қилинди, 2022 йилдан геология-қидирув ва изланиш ишларининг қатор солиқ ва тўловлардан ҳам озод қилиш режалаштирилган.