Ўзбекистонда фойдали қазилмаларни қазиб олувчи компаниялар яна бир имтиёзга эга бўлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 15 декабрь куни солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларни маъқуллади. Сенат уларни 20 декабрда маъқуллади.

Хусусан, ўзгартишларга кўра, имтиёз қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металлар, нодир ва нодир ер элементларини қазиб олиш ҳамда уларни техноген минерал маҳсулотлар (олтин, кумуш, платина, уран, мис, рух ва бошқалар)дан ажратиб олиш, углеводород қазиб чиқариш (газ, нефть, газ конденсати) билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар учун 2022 йил 1 январдан жорий этилган махсус рента солиғига тааллуқлидир.

Эндиликда Солиқ кодексининг 18-бобида кўрсатилган рента солиғи бўйича қоидалар 2024 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабргача фойдали қазилмалар қазиб олиш фаолиятини бошлайдиган компанияларга нисбатан қўлланмайди. Депутат Дониёр Ғаниев 15 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ушбу даврда иш бошлаган компаниялар умрбод рента солиғидан озод этилаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, янги имтиёз саноатдаги рақобат муҳитини бузади. У икки йил аввал парламент ерости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини (газ, нефть, олтин ва бошқаларни қазиб олиш учун) пасайтирганини эсга олди, чунки ўшанда ҳукумат рента солиғи жорий этилганда умумий солиқ базаси ўзгармаслигини ва солиқ тушумлари оширилишини билдирганди.

Бироқ якунда солиқ ставкалари пасайтирилиши туфайли бюджет юзлаб миллиард сўм йўқотган ва йиғилишда маълум бўлишича, бу вақт ичида фақат Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) рента солиғини тўлаган.

Депутат имтиёзни вақтинчалик қилишни, уни доимий муддатга фақат айрим компаниялар учун қўлламасликни таклиф қилди.

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг айтишича, мазкур таклиф Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан таҳлил қилиниб, кейин Президент администрациясига киритилиб, маъқулланган.

«Аналитик ҳисоботга кўра, ушбу махсус рента солиғини бекор қилиш таклиф қилинган. Президент маъмурияти уни бекор қилишни маъқуллади. Ушбу топшириққа асосланиб, биз махсус рента солиғини тўлашни бекор қилмаяпмиз, балки икки йилга — 2025 йил 31 декабргача тўхтатиб турамиз. Шу даврда конларни қидириш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган компаниялар ушбу солиқни тўламайди. 2025 йил 31 декабрдан кейин бу муддатни узайтирмасак, солиқ тўлаш бошланади», — деди у.

Унга кўра, ушбу махсус рента солиғи фақат НКМК томонидан тўланган: 2022 йилда — 77 миллиард сўм, 2023 йилда — 310 миллиард сўм, жами — 387 миллиард сўм. Фойдали қазилмаларни қазиб олган қолган компаниялар ҳеч қанча тўламаган.

«Махсус рента тўлови бўлмаган тақдирда ҳам ердан фойдаланганлик учун солиқ ва даромад солиғи кўринишида корхоналардан [солиқ] тушумларни ундириб олса бўлади. Ҳозирги ҳолатни инобатга олсак, НКМКдан ташқари махсус рентадан бюджетга бир сўм ҳам тушгани йўқ», — деди Мубин Мирзаев.

Солиқ қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари имтиёз умрбод эмас, фақат икки йилга берилади, деб таъкидлади.

Депутат Дониёр Ғаниев нега ҳукумат икки йил аввал ҳеч ким рента солиғини тўламаса, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини камайтиришни сўраганига қизиқди. Эслатиб ўтамиз, нефть ва табиий газ учун ер қаъридан фойдаланганлик бўйича солиқ ставкалари 20−30 фоиздан 10 фоизга, олтин ва мис учун 10 фоиздан 7 фоизга, вольфрам учун 10,4 фоиздан 2,7 фоизга, уран учун 10 фоиздан 8 фоизгача туширилганди.

Шунингдек, у конда ишлаб чиқариш 2025 йил 31 декабргача бошланса, «бутун фаолият даври учун» имтиёз берилаётганини таъкидлади.

Залдаги амалдорлардан бири рента солиғи жорий қилинганидан кейин «углеводород бозорига бирорта ҳам инвестор келмаганини» айтди.

Депутат Илҳом Абдуллаевнинг айтишича, имтиёз жорий этилиши Ўзбекистонда углеводород қазиб олишга йирик инвесторларни жалб қилишга қаратилган.

Дониёр Ғаниев бекор қилиш ва вақтинчалик енгиллик ўртасида фарқ борлигини таъкидлади. «Фойдаланишнинг бекор қилиниши ҳамма учун тенг шароит яратади. Сиз уни бекор қилмаяпсиз, фақат икки йил давомида фаолиятини бошлаганларга умрбодга имтиёз беряпсизлар. Бу рақобат муҳитини бузади», — дея яна бир бор таъкидлади у.

«Бирингиз рента солиғини фақат битта компания тўлаган десангиз, бошқангиз ҳеч ким тўламаган деяпсизлар. Демак, икки йил аввал бизни алдаган бўлиб чиқяпсизлар. Рента солиғи жорий қилинаётганда сизлар айтгансизларки, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини пасайтиряпмиз, чунки биз рента солиғи жорий этяпмиз, бу солиқни тўлаш ҳисобига умумий тушум кўпаяди дегансизлар. Кўриниб турибдики, биз қимматбаҳо металлар қазишда ер қаридан фойдаланганлик учун солиқни бекорга арзонлатиб берганмиз, солиқ тушумини йўқотганмиз», — деди Дониёр Ғаниев.

Ғаниевнинг сўзлари ҳамкасблари томонидан қўллаб-қувватланмади ва Қонунчилик палатаси қўшимчаларни бир овоздан қабул қилди (Ғаниев овоз бермади).

Эслатиб ўтамиз, солиқ ставкаларини табиий газ учун 3 баробар, нефть ва газ конденсати учун 2 баробар пасайтириш орқали давлат бюджетига 2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушуми 538,1 миллиард сўмдан камроқ бўлди. Шунингдек, ушбу ресурсларни ишлаб чиқариш ҳам қисқаришда давом этмоқда.