Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида фахрий самбочи Тўра Авлоқулов отиб кетилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

Қайд этилишича, 29 март куни шаҳарнинг «Қўшхона» маҳалласида яшовчи У.Ш. Damas автомобилида кетаётганда ўзига олдиндан таниш бўлган бошқа бир шахсни кўриб қолиб, биргаликда кафега борган ва спиртли ичимлик истеъмол қилган. Улар бир соатлардан сўнг кафедан чиқиб Тўра Авлоқуловни кўриб қолган ва уни ҳам автомашинага миндириб, бошқа кафега борган.

Фуқаролар кафеда пулни тўлаш устида тортишиб қолган. Шунда У.Ш. таниши Тўра Авлоқуловга йўлда келаётган пайтда 50 минг сўм пул бергани, шу боис овқатланиш харажатини тўлиқ тўлашини айтган. У ҳамма пулни тўламаслигини билдириб, олган 50 минг сўм пулини қайтариб берган. У.Ш. пулни олмасдан, унга жаҳл қилиб, автомобилидан қўлбола усулда ясалган қуролни олиб, шеригининг бошига бир марта ўқ узган.

Оқибатда Тўра Авлоқулов олган тан жароҳати оқибатида Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Унга ўқ узган фуқаро ҳодиса жойидан қочмоқчи бўлиб, автомашинаси билан кетаётганида ҳодиса жойидан тахминан 500 метр узоқликда туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.

Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси маълумотномасида Тўра Авлоқуловнинг танасида оғир очиқ тешиб ўтувчи бош мия жароҳати, бош мия ичидаги металл ва суяк парчалари, чап пешона суягининг парчаланиб синган жароҳати, чап қош устида эзилиб йиртилган кўринишида тан жароҳатлари борлиги, аҳволи ўта оғир даражада экани қайд этилган. У 31 март куни шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «д» ва «л» бандлари (Бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда, безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Olamsport.com маълумотига кўра, марҳум Тўра Авлоқулов 2023 йили Остона шаҳрида ўтказилган фахрийлар ўртасидаги Осиё ва Океания чемпионатининг олтин медали совриндори бўлган.