Россиянинг Олтой ўлкаси Рубцовский шаҳри суди Ўзбекистон фуқаросини терроризмни оқлаганликда айблаб, ҳибсга олишга қарор қилди, деб хабар қилди вилоят суди матбуот хизмати.

Жиноят ишини қўзғатишга эркакнинг 24 март куни Москвадаги «Крокус Сити Ҳолл»да содир этилган теракт ҳақида Рубцовскдаги дўконлардан бирида қилган оммавий баёноти сабаб бўлган, дейилади хабарда.

31 ёшли эркак 27 март куни (матнда фақат унинг инициали кўрсатилган — А.) қўлга олинган. У Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми (Терроризмга оммавий даъват қилиш, уни оқлаш ёки ташвиқот қилиш) бўйича айбланганмоқда. Ушбу моддада назарда тутилган энг оғир жазо беш йиллик қамоқ ҳисобланади.

Хабарда айтилишича, айбланувчининг Россияда доимий яшаш жойи йўқ, рўйхатдан ҳам ўтмаган. Суд уни икки ойга ҳибсда қолдирди.

  • 22 март куни Москва вилоятидаги «Крокус Сити Ҳолл» концерт залига бир неча қуролланган шахс бостириб кириб, одамларга қарата ўт очган. Улар бинони ҳам ёқиб юборган, оқибатда у бутунлай ёниб кетган. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 143 киши ҳалок бўлган, 360 дан ортиқ киши жароҳатланган.
  • Ҳужумни содир этганликда гумон қилиниб, 11 киши ҳибсга олинган. Асосий айбланувчилар сифатида Марказий Осиёдан келган муҳожирлар кўрилмоқда.