22 март куни кечқурун Москвадаги «Крокус сити ҳолл» биносига концерт бошланишидан олдин қуролланган одамлар бостириб кириб, ўт очди. Бинода бир нечта портлашлар содир бўлди ва ёнғин бошланди.

Қурбонлар сони 40 киши бўлгани, 100 дан ортиқ киши жароҳатлангани таъкидланмоқда. The Bell`нинг қайд этишича, ичкарида жами 6200 томошабин бўлиши мумкин.

«РИА Новости» хабарига кўра, ҳужумчилар сони камида уч кишини ташкил этган, улар камуфляжда бўлган. Концерт залининг фоесида номаълум босқинчилар ташриф буюрувчиларни отган видеода автоматлар билан қуролланган камида тўрт киши кўринади, деб ёзмоқда BBC Рус хизмати. Baza Telegram каналининг ёзишича, ҳужумчилар жиноят жойидан қочишга муваффақ бўлган бўлиши мумкин.

Ҳужумчилар ўт очгандан сўнг улар граната ёки бомба улоқтирган, оқибатда ёнғин бошланган, деб ёзади «РИА Новости». Бинонинг томи қулаб тушган. Ўт ўчирувчилар 100 га яқин одамни концерт ертўласидан олиб чиқди, бинодан одамларни қутқариш ишлари олиб борилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси теракт моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Келгуси дам олиш кунлари Москвада барча оммавий тадбирлар бекор қилинди.

18 март куни АҚШнинг Россиядаги элчихонаси америкалик фуқароларни Европада, жумладан, Россияда ва, айниқса, Москвада режалаштирилаётган терактлар хавфи ҳақида огоҳлантирганди.