Ҳижрий тақвимнинг бутун дунё мусулмонлари энг орзиқиб кутадиган муқаддас ойи — Рамазон мўминлар қалбига бениҳоя қувонч ва ҳаловат олиб келади. Исломнинг беш устунидан бири ҳисобланган амал айнан шу ойда адо этилади. Рамазонда мусулмонлар саҳардан кун ботгунича емоқ-ичмоқни тарк қилиш билан кифояланиб қолмай, муқаддас ой ҳурмати учун, ибодатга ва эътиқодга путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай амаллардан тийилиш, бир сўз билан айтганда, нафсларни қаноат, қалбларни иффат йўлида тарбиялаш пайида бўлади.

Муқаддас Рамазон ойи дунёнинг турли бурчагида истиқомат қиладиган мусулмонлар томонидан бирдек интиқлик билан кутилади. Шунга қарамай, турли мамлакатлар ва ҳамжамиятларда Рамазон ойини кутиб олиш ва ўтказиш билан боғлиқ бир-бирига ўхшаш ва фарқли ўзига хос анъаналар мавжуд. «Газета.uz» фазилатли ой билан боғлиқ ва дунё мусулмонлари орасида кенг тарқалган ўзига хос анъаналарни жамлаб, Рамазон туҳфаси ўлароқ муштарийлар эътиборига ҳавола этади.

Рамазон фонуслари

Рамазон фонуслари бугун ислом дунёсида муқаддас Рамазон ойининг рамзларидан бирига айланиб улгурган. Дунёнинг турли бурчагида истиқомат қилувчи мусулмонлар Рамазон шарафига кўчалар, масжидлар ва бошқа ижтимоий объектлар ҳамда уйларини безатишда Рамазон фонусларидан кенг фойдаланмоқда. Турли ранг ва шаклдаги бежирим фонусларни бугун Тошкент кўчалари ва хонадонларда ҳам учратган бўлсангиз ажаб эмас.

Фото: www.gulftoday.aeФото: www.gulftoday.ae

Fanoos (ёки fanous) — Рамазон муносабати билан ранг-баранг фонуслар ёқиш анъанаси бўлиб, унинг келиб чиқиши Мисрга бориб тақалади. Ривоят қилишларича, X асрда Фотимийлар сулоласи вакили халифа ал-Муиз Қоҳирага илк бор Рамазон ойида кириб келади. Ташриф оқшом пайтига тўғри келгани учун шаҳар аҳли оммавий равишда шам ёқиб, ўчиб қолмаслиги учун шамларни рамкага солиб қўйишади. Айнан шу ёғоч шакллар Рамазон фонусларининг пайдо бўлиши ва мусулмон дунёсида гўзал анъанага айланишига замин яратган, деб ишонилади.

Рамазонда мисрликлар ва Ўрта Шарқнинг бошқа мамлакатлари мусулмонлари кўчаларни хилма-хил ёрқин фонуслар билан безатади. Улар мисрликлар наздида бирдамлик ва Рамазон қувончидан нишонадир. Дарҳақиқат, Рамазон фонуслари катталар ва болаларга бирдек қувонч ва Рамазон шукуҳини улашади. Шунингдек, бу фонуслар, эҳтимол, Рамазоннинг қалбларга ёруғлик олиб келишига бўлган умид ва таскин рамзи ҳамдир.

Фото: AFP / Getty ImagesФото: AFP / Getty Images

«Саҳарлик жарчилари»

Рамазон вақти тунда анъанавий кийимда, қўлида кичик ноғора ёки флейта билан одамларни саҳарликка уйғотувчи «саҳарлик жарчилари»ни бугун мусулмонлар истиқомат қиладиган деярли барча давлатларда учратиш мумкин.

Саҳарлик жарчиларининг пайдо бўлиши пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларига бориб тақалади. Ҳадисга кўра, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни тунда Билол ибн Рабоҳ азонидан уйғониб, муаззин Ибн Умм Мактум томонидан бомдод намозига азон айтилгунига қадар саҳарлик қилиб олишга чақирганлар.

Билол ибн Рабоҳдан кейин биринчи бўлиб мусулмонларни Анабса ёки Антоба ибн Исъҳоқ саҳарликка уйғотган. У йўл-йўлакай «Эй Аллоҳнинг бандалари, саҳарлик қилинг, чунки саҳарликда хайр бор!» дея, рўзадорларни саҳарлик қилишга ундаган.

Фото: travel.earthФото: travel.earth

Саҳарликка уйғотиш вақтида ноғорадан фойдаланиш илк марта Мисрда урфга кирганлиги айтилади. Қоҳира кўчалари бўйлаб саҳарлик жарчилари одамларни ноғора садоси остида, фонус тутган болакай ҳамроҳлигида саҳарликка уйғотган.

Саҳарлик жарчилари турли мамлакатларда турлича номланади. Хусусан, Миср ва Иорданияда — Mesaharaty, Туркияда — Ramazan davulcusu, Марокашда — Nafar, айрим араб давлатларида — Mosaher, Ҳиндистонда — Seheriwalas ва ҳоказо. Уларнинг барчасининг вазифаси бир хил бўлишига қарамай, уни адо этиш билан боғлиқ ўзаро яқин ва айни пайтда бир-бирига ўхшамаган анъаналар ҳам учрайди.

Масалан, Mesaharaty одатда маҳаллий аҳоли вакиллари орасидан тайинланади. Ўз «ҳудуди»да истиқомат қилувчи аҳоли билан таниш бўлган Mesaharaty хонадонлар эгаларини номма-ном айтиб саҳарлик қилишга чақиради. Хонадон эгалари кўп ҳолларда жарчиларни саҳарлик дастурхонига таклиф этади. Бу Рамазон ойида, айниқса, бирдамлик ва саҳоватпешаликни касб қилишнинг ўзига хос кўринишидир.

Фото: antalyaningundemi.comФото: antalyaningundemi.com

Туркияда одамларни саҳарликка уйғотиш Усмонлилар давридан анъанага айланган. Ramazan davulcusu (Рамазон ноғорачиси) Усмонлилар даврига оид анъанавий кийим — фес (туркларга хос соябонсиз қалпоқ — таҳр.) ва нимча кийиб, ноғора чалиб, маҳаллаларни айланади ва бомдод намозидан олдин рўзадорларни саҳарликка уйғотади.

Марокашда саҳарлик жарчиси — Nafar миллий анъанавий кийимда сурнай чалиб маҳаллаларни айланади. Nafar'ни танлашда унинг ҳалоллиги ва кишиларга ҳамдардлигига эътибор қаратилади.

Ҳиндистонда мусулмонларни саҳарликка уйғотиш бобурийлар анъанасидан келиб чиққани айтилади. Seheriwalas Рамазонга хос гўзал қўшиқ куйлаб, Аллоҳ ва пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг исмларини айтиб, бомдод намози олдидан рўзадорларни саҳарликка уйғотади.

Рамазон «тўплари»

Ифторлик вақтини тўп отиш орқали эълон қилиш анъанаси кўплаб мусулмон давлатлари, жумладан, БАА, Ливан, Сурияда ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган.

Ливанда ушбу анъана Midfa Al Iftar деб номланиб, маълумотларга кўра, унинг келиб чиқиши Мисрга бориб тақалади. Ҳикоя қилинишича, Миср ҳукмдори Хушқадам Рамазон ойида кунботар вақти тўпларни синовдан ўтказаётган пайти бехосдан отилиб кетади. Отилган тўпнинг овози бутун Қоҳирани ларзага солади. Одамлар буни ифтор вақти бўлганига ишора сифатида қабул қилади ва бора-бора бу анъанага айланади. Ливанда ҳозир фақат Midfa Al Iftar анъанаси учун фойдаланиладиган, XIX асрга оид Рамазон тўплари ҳали ҳам сақланиб қолгани айтилади.

Фото: БАА Мудофаа вазирлигиФото: БАА Мудофаа вазирлиги

Рамазон қўшиқлари

Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида ифторликдан кейин болалар Рамазон қўшиқларини куйлаб, маҳаллаларни айланади. Хонадонлар эгалари «рамазон айтиб» келган болаларни ширинлик, мева ёки бошқа топган-тутганлари билан меҳмон қилади. Рамазоннинг ўзига хос бу анъанаси болаларга бир олам қувонч улашади. Шунга ўхшаш анъана бир қатор араб мамлакатларида ҳам мавжуд, фарқи — бу давлатларда болалар Рамазон қўшиқларини муайян кунлардагина куйлайди.

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларида бу анъана Haq Al Laila деб номланади. Унга кўра, Рамазон ойининг (айрим манбаларда Шаъбон ойининг) 13-, 14- ва 15-кунларида болалар ёрқин байрамона либосларда маҳаллаларни айланиб, анъанавий қўшиқлар (Aatona Allah Yutikom, Bayt Makkah Yudikum — «Бизга берсанг, Аллоҳ сени мукофотлайди ва Байтуллоҳни зиёрат қилишингга ёрдам беради»)ни куйлайди ва ширинликлар йиғади. Haq Al Laila'дан асосий мақсад — болалар ва катталар онгига Рамазоннинг аҳамиятини сингдириш.

Фото: www.khaleejtimes.comФото: www.khaleejtimes.com

Худди шундай анъана Саудия Арабистонида Gargeeʼan номи билан аталади. Бунда Рамазоннинг 13-, 14- ёки 15-кечаларида болалар байрамона либосда қўшни хонадонларга чиқиб, махсус қўшиқлар куйлайди. Хонадон эгалари қўшиқ эвазига болаларга совғалар улашади.

Фото: www.arabnews.comФото: www.arabnews.com

Haq Al Laila га ўхшаш, Рамазоннинг аҳамиятини ёшлар онгига сингдиришга қаратилган гўзал анъана Қувайтда Qarqiaʼan деб номаланади. Qarqiaʼan ҳам Рамазон ойида, уч кун нишонланади. Бу кунларда болалар миллий либосларда Рамазон қўшиқларини айтади; кўпинча импровизация қилиб, қўшиқни ўзлари куйлаб бераётган кишига мослаштиришади.

Рамазон қўшиқларини куйлаш, қайси давлатда бўлмасин, Рамазоннинг аҳамиятини болалар онгига сингдириш, Рамазон қувончини улашиш ва жамоат ришталарини мустаҳкамлашнинг ажойиб усулидир.

«Ой кузатувчилари»

Жанубий Африкада Ҳайит байрамини нишонлаш билан боғлиқ ноёб анъана мавжуд.

Жанубий африкалик мусулмонлар мамлакат Қозилар кенгаши томонидан махсус тайинланган «ой кузатувчилари» (африкаликлар тилида maan kykers) Кейптаун осмонида ярим ойни очиқ кўз билан кўрганларидан кейингина Рамазоннинг тугаганлигига ишонч ҳосил қилиб, Ийд ал-Фитрни нишонлайди. Жанубий Африкада, бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, фақат расман тайинланган «ой кузатувчилари» Рамазон ойининг якунланганини эълон қилиш ваколатига эга.

Фото: www.groundup.org.zaФото: www.groundup.org.za

Рамазон олдидан покланиш, рўзадорларга «эшик очиш» ва Рамазон дастурхони

Индонезиялик мусулмонлар орасида Рамазон ойи кириб келиши олдидан покланиш маросимини ўтказиш одат тусига кирган. Ушбу маросим Padusan (ява лаҳжасида — «чўмилиш») деб номланиб, ундан мақсад — Рамазон олдидан маънан ва жисмонан покланиш, муқаддас ойга руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўриш ҳисобланади. Ушбу рамзий маросимни кўпчилик мусулмонлар табиий булоқлар ёки кўлларда, бугунги кунга келиб ўз уйларида ҳам амалга оширади.

Фото: ANTARA FOTO / FauzanФото: ANTARA FOTO / Fauzan

Индонезияликларнинг Рамазон ойи билан боғлиқ ўзига хос анъаналаридан яна бири — Nyekar. Унга мувофиқ, индонезиялик мусулмонлар вафот этган оила аъзолари хотирасига ҳурмат бажо келтиради. Қадимги Ява эътиқодлари билан қоришиб кетган қарашларга кўра, Рамазон бир ҳаёт циклининг тугаб, янгисининг бошланишини англатади.

Камерун мусулмонлари орасида ифторлик олдидан хонадон эшикларини очиб қўйиш анъанаси кенг тарқалган. Бундан кўзланган мақсад — рўзадорларга «қучоқ очиш», рўзасини очиш учун бирор жой ёки бошпанага эҳтиёж сезган кишиларни ўз ифторлик дастурхонига таклиф қилишдир.

Саудия Арабистонида кун давомидаги очлик ва ташналикдан кейин ошқозонни зўриқтирмаслик мақсадида хурмо ва сув билан ифторлик қилиш одат тусига кирган.

Фото: www.theworldinapocket.comФото: www.theworldinapocket.com

Шунингдек, турли давлатларда Рамазон ойи билан боғлиқ махсус таом, ширинлик ва ичимликларни ҳам учратиш мумкин. Qatayef, Zalabiya, Konafa, шунингдек, қуритилган анжир, хурмо, майиз ва ўрикнинг сувга бўктирилган аралашмасидан тайёрланган мевали салат — Xoshaf, ўрикдан тайёрланган машҳур Рамазон ичимликларидан бири — Amar El Din (Миср), Ramazan pidesi (Туркия) шулар жумласидан.