«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 2023 йилда Афғонистонга 91,2 млн долларлик электр энергияси экспортини ва 9,6 млн долларлик электр энергияси транзитини амалга оширилди. Бу ҳақда компания расмийлари 29 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берди.

2023 йилда экспорт кўрсаткичлари жами 100,8 млн долларни ташкил этган. Шунингдек, магистрал электр тармоқлари орқали 71,9 млрд кВт•соат электр энергияси узатилган.

Президентининг 2022 йил 28 декабрдаги қарорига асосан акциядорлик жамияти томонидан барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан умумий қиймати 1 млрд 346 млн 360 минг долларга тенг бўлган 17 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, 2023 йил давомида жами 165,74 млн доллар миқдорида инвестиция маблағлари ўзлаштирилган.

Модернизация дастури доирасида 7 та подстанцияда 1452,3 МВА, жумладан, Фарғона вилоятидаги «Сокин» ПСда 200 МВА, Тошкент шаҳри «Юксак» ПСда 75 МВА, Сурхондарё вилояти «Шеробод» ПСда 125 МВА, Қашқадарё вилояти «Қарши» ПСда 202,3 МВА, Тошкент вилояти «Чирчиқ» ПСда 125 МВА, Андижон вилояти «Сарой» ПСда 125 МВА, Навоий вилояти «Томди» подстанциясида 600 МВА қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилган.

Бундан ташқари, жами 309 та куч трансформатори, 1716 та 110−220−500 кВ кучланишли ўчиргичлар, 25 та компрессор қурилмаси, 5900 км зиёд узунликдаги юқори кучланишли электр тармоқлари мукаммал ва жорий таъмирланган, 11 минг 865 километр узунликдаги магистрал электр тармоқлари даврий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилган.

Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 2023 йилда 10 та лойиҳа инвестор компаниялари билан тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиниб, умумий қуввати 1750 МВт янги электр станциялари қурилиб ишга туширилган. Ушбу электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини энерготизимга узатиш учун 46 км узунликдаги магистрал электр тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Сарф-харажатларни қисқартириш йўналиши бўйича, 2023 йилда жами 348,6 млрд сўм миқдоридаги маблағ иқтисод қилинган, жумладан, инвестиция лойиҳаларини оптималлаштириш ҳисобига 288 млрд сўм, носоҳавий фаолиятларни оптималлаштириш ҳисобига 29,3 млрд сўм, харид шартномаларини оптималлаштириш ҳисобига 19,1 млрд сўм, «Энергиямахсусавто» ташкилотини филиалга айлантириш ҳисобига 1 млрд сўм тежалгани айтилди.

Расмийлар, шунингдек, акциядорлик жамиятининг 2024 йилги режалари ҳақида ҳам маълумот берди. Биринчидан, магистрал электр тармоқлари орқали 74,0 млрд кВт•соат электр энергиясини узатиш кутилмоқда.

Иккинчидан, 2024 йилда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан умумий лойиҳа қиймати 1 млрд 915,7 млн долларга тенг бўлган 23 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, лойиҳалар доирасида 2024 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 430,6 млн доллар (2023 йил режасига нисбатан ўсиш сурати 270,0 фоиз) маблағ ўзлаштириш режалаштирилган. Жумладан:

  • Давлат кафолати остидаги чет эл маблағларидан — 164,1 млн доллар (2023 йил ташқи қарз ўзлаштириш режасига нисбатан ўсиш сурати 178,4 фоиз).
  • Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардан — 200,0 млн доллар.
  • Корхонанинг ўз маблағларидан — 62,2 млн доллар.
  • Тижорат банклари кредит маблағлари — 4,3 млн доллар.

Учинчидан, модернизация дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 3 та подстанцияда жами 434 МВатт, жумладан, Андижон вилояти «Лочин» подстанциясида 300 МВатт, Наманган вилояти «Сардор» подстанциясида 100 МВатт, Тошкент шаҳри «Қуйлиқ» подстанциясида 34 МВатт қўшимча қувват яратилиши режалаштирилган.

Тўртинчидан, магистрал электр тармоқларида умумий қуввати 736 МВатт бўлган 9 дона куч трансформатори, 31 дона 110−220−500 кВ кучланишли ўчиргичи, 4 дона компрессор қурилмаси ва 848,25 км узунликдаги 110−220−500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 304 дона подстанциядаги трансформаторлар ва автотрансформаторлар, 1643 дона ўчиргич, 12 дона ҳаво компрессори ҳамда 5451,1 км узунликдаги 110−220−500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган.

Шунингдек, корхонанинг экспорт кўрсаткичи 2024 йилда 111,8 млн доллар миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.