Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўрибосари Кирилл Комаров Ўзбекистон билан республикада атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома юзасидан музокаралар «анча муваффақиятли» кечаётганини таъкидлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

«Шартнома бўйича музокаралар анча муваффақиятли кечмоқда. Мен ҳеч кимга таъсир ўтказмаслик учун бундай ҳолатларни, саналарни айтмасликка ҳаракат қиламан, чунки бу — жуда муҳим қарор. Бу қарор Ўзбекистондаги кейинги 100 йилдаги вазият қандай бўлишини белгилайди. Шунинг учун ҳам, сизга айтаманки, шошқалоқлик қилиш ёки маълум хатога йўл қўйишдан кўра барча нюансларни муҳокама қилиш учун қўшимча вақт сарфлаган маъқул. Лекин биз исталган вақтда ушбу лойиҳани амалга оширишга киришишга тайёрмиз», — деди Комаров.

Унинг қўшимча қилишича, мутахассислар аллақачон атом электр станцияси қурилиши мумкин бўлган майдонни батафсил ўрганиб чиққан ва энг мақбул технологик ечимлар аниқланган. Бундан ташқари, Тошкентдаги «ММФИ» миллий тадқиқот ядровий университети филиалида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш давом этмоқда.

«Биз нафақат Россия, балки дунёнинг бошқа мамлакатлари олимлари кўмагида Ўзбекистон учун зарур бўлган энг мақбул ечимлар тўпламини йиғдик. Масалан, биздаги анъанавий атом электр станцияларида буғ конденсацияланадиган совутиш миноралари мавжуд. Ўзбекистонда сув унчалик кўп эмас, шунинг учун биз анъанавий совитиш минораларини қуруқ совитиш минораларига алмаштириш ечимини топдик. Венгриядаги ҳамкасбларимизда бундай қуруқ совитиш миноралари бўйича жуда яхши ечим мавжуд, улар аллақачон бундан фойдаланмоқда. Лойиҳа учун уникаль ҳамкорларни йиғишга бироз вақт кетди. Ва бу фақатгина Россиянинг лойиҳаси бўлмайди», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилаётган АЭС учун Венгриянинг қуруқ совитиш технологиясидан фойдаланилиши хабар қилинганди.

Комаровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон атом электр станцияси лойиҳасида бутун дунё компаниялари муҳандислари иштирок этишлари мумкин бўлади. «Франциядан, Жанубий Кореядан, бошқа мамлакатлардан. Биз ускуналарни қаердан олиш, лойиҳани қандай қилиб чинакам халқаро лойиҳага айлантириш мумкинлиги бўйича кўплаб вариантларни топдик», — деди Росатом бош директорининг биринчи ўринбосари.

Аввалроқ Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Дарё»га берган интервьюсида Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича лойиҳанинг ҳолатига изоҳ берганди.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг «Росатом» агентлиги билан учрашув ва музокаралар давом этмоқда.

«Бизда МАГАТЭнинг талабларига асосан процедуралар амалга ошириляпти. Яъни майдонни лицензиялаш, меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнлари кетмоқда. Сўнгги пайтларда кичик модулли реакторлар бўйича технологиялар ривожланяпти. Келишувга асосан шуни ҳам параллель равишда таҳлил қиляпмиз. Катта станция қуриш керакми ёки кичик қувватли станциялар қуриш бўйича ҳозир таҳлиллар олиб бориляпти. Нафақат Россия, бошқа хорижий давлатлар тажрибаси, технологияси ўрганиляпти. Шунинг учун бу борада ишни тўхтатганимиз йўқ», — деди вазир.

«Жуда катта стратегик лойиҳа бўлгани учун шошилмасдан, барча нарсани ўлчаб, етти марта эмас, етмиш етти марта ўлчаб, ҳамма нарсасининг ҳисоб-китобини, таҳлилини қилган ҳолда президентимизга ҳисобот кирита оламиз», — деди Мирзамаҳмудов.

«Дарё» интервьюси 2023 йил 23 ноябрь куни эълон қилинганди. Шу билан бирга, Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев 27−28-ноябрь кунлари бўлиб ўтган «Примаковские чтения» форумида сўзлаган нутқида Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича келишув ишлари якуний босқичда эканини таъкидлаган.

«Бизнинг тушунишимиз бўйича, биз 2019 йилда барча асосий қарорларга эришдик. Пандемия кўплаб жараёнларни тўхтатди, бироқ мен ўзбек лойиҳасини тўхтатилган лойиҳа деб атай олмайман. Атом электр станцияси қурилиши юзасидан шартнома бўйича ишлар якуний босқичда», — деди «Росатом» раҳбари ва лойиҳани ишлаб чиқиш давом этаётганини қўшимча қилди.

«Биз, жумладан, кам қувват, кадрлар тайёрлаш бўйича қўшимча таклифлар бердик. Шартнома устида ишлаш етарлича интенсив давом этмоқда ва, менимча, умуман олганда, биз шартнома имзолашдан йироқда эмасмиз», — дея Лихачевнинг сўзларидан иқтибос келтиради «ТАСС».

2023 йил май ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон «Росатом» билан атом электр станцияси қуриш масаласини муҳокама қилишда давом этаётгани, шунингдек, бир вақтнинг ўзида кичик атом реакторлари соҳасидаги ютуқларни ўрганаётганини таъкидлаганди. «Атом электр станциясини қуриш давлат учун жуда жиддий мажбуриятдир… Биз ҳар қандай хавфни бартараф этишимиз керак», — деди у.

2022 йил ёзида Энергетика вазирлиги раҳбарининг собиқ ўринбосари Шерзод Ходжаев Ўзбекистон «Росатом» билан атом электр станциясини қуриш харажатларини камайтириш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берган эди. «АЭСда ишлаб чиқарилган энергия бизга қанчага тушади? Бошқа манбаларга нисбатан рақобатбардош бўладими? Иқтисодий жиҳатдан самарадор бўлмаса — маъно йўқ», — деганди у.