Ўзбекистон Россиянинг «Росатом» корпорацияси билан атом электр станциясини (АЭС) қуриш харажатларини оптималлаштириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

«Атом электр станциялари қурилишига келсак. Биз яна бу қанчалик иқтисодий мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги саволга қайтамиз. Бир томондан, лойиҳа қазиб олинадиган ёқилғига муҳтожликни камайтириши билан жуда аҳамиятли. Қуёш ва шамол энергиясидан фарқли ўлароқ, у [электр энергиясини] барқарор ишлаб чиқариш учун анча юқори кафолатлар беради. Бошқа томондан, шуни таъкидлаш керакки, соф иқтисодий жиҳатдан бу лойиҳа геренациянинг бошқа турларига бирмунча ютқазади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон томони пировардида маҳсулот бирлиги таннархини пасайтириш учун АЭС қурилиши нархини қанчалик камайтириш мумкинлигини муҳокама қилмоқда.

«Яъни, оддий қилиб айтганда — бу АЭСда ишлаб чиқарилган энергия бизга қанчага тушади? Бошқа манбаларга нисбатан рақобатбардош бўладими? Иқтисодий жиҳатдан самарадор бўлмаса — маъно йўқ. Агар йўқ бўлса, унда хулоса аниқ. Ҳа бўлса, биз буни амалга оширишимиз керак», — деди у.

Шерзод Ходжаев бошиданоқ «Росатом» корпорацияси ушбу лойиҳа бўйича Ўзбекистоннинг истиқболли стратегик ҳамкори сифатида танланганини, у билан бир қатор изланиш ва лойиҳалар олиб борилганини таъкидлади. Хусусан, потенциал майдон аниқланган, аммо «айрим масалалар мавжуд».

«Майдонча танланган, станциянинг технологияси танланган, мана шу технологияни шу майдонга мослаштириш жараёнида келиб чиққан қиймати бор. Қиймат бўйича биз ҳозирча келишувга эга эмасмиз. Чунки бизнинг назаримизда бу жуда қиммат. Лойиҳанинг қийматини оптималлаштириш керак. Бу аниқ», — деди у.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон «Росатом» билан лойиҳа қийматини оптималлаштириш масаласида ҳамкорликни давом эттирмоқда, яъни «бу ҳамкорлик тўхтаб қолмади».

Шерзод Ходжаев АЭС қуриш истагида бўлганлар кўплигини, бироқ ҳамкор танлашда нафақат станция қуриш омилини, балки унинг 50−60 йил ишлашини шунингдек, фойдаланишдан чиқарилишини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини қайд этди.

«Ўзбекистон логистика борасида анча жиддий муаммоларга дуч келган, яъни логистика бўйича бизда маълум чекловлар мавжуд бўлган давлат сифатида шу омилни ҳисобга олиши керак. Бундай станция қурмоқчи бўлганлар кўп. Аммо, агар 50−60 йиллик истиқболга назар ташласангиз, станцияни қандай ёқилғи билан таъминлаш, [реактив] чиқиндиларни қандай йўқ қилиш ҳақида ўйлаш керак», — деди у.

Ўзбекистонда АЭС

Ўзбекистонда 2019−2029 йилларда атом энергетикасини ривожлантириш концепциясига кўра, атом электр станциялари қурилишини бошлаш 2022 йилга мўлжалланган. Станция Ўзбекистон давлат бюджети ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилади.

Лойиҳа Жиззах вилоятида қуввати 1,2 ГВт/соат бўлган ВВЭР-1200 типидаги босимли сув-сувли реакторларига эга атом электр станциясини қуришни назарда тутади. Уни қуришда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси иштирок этади.

«Ўзатом» бош директори Жўрабек Мирзамахмудов 2028 йил декабр ойида станциянинг биринчи энергоблокини, 2030 йил июнь ойида иккинчи блокни ишга тушириш режалаштирилганини таъкидлади.

2019 йил октябрь ойида «Росатом» бош директори Алексей Лихачев корпорация 2019 йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартномани имзолашни режалаштираётганини маълум қилган эди. Бироқ ҳозирча ҳужжат имзолангани ҳақида хабарлар йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 19 ноябрь куни Россияга бир кунлик ташрифи чоғида мамлакатлар ўртасида 18 та ҳужжат, жумладан, ҳукуматлар ўртасида ядровий ва биологик хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган эди.

Ўтган йилнинг ноябр ойи бошида Ташқи ишлар вазирлигининг ўша пайтдаги раҳбари Абдулазиз Комилов Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш масаласи лойиҳанинг иқтисодий мақсадга мувофиқлиги, яшил энергетикага сармоя киритиш бўйича кўплаб таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳам, унинг шаффофлиги нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилаётганини айтган эди. «Биз нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиз билан чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг ҳам бу масалага муносабатини ўрганамиз», деган эди у.