Ўзбекистон АЭС қурилишини кун тартибидан олиб ташламайди, шу билан бирга, кичик атом реакторлари соҳасидаги ютуқларни ўрганади. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Energy Intelligence нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони Россиянинг «Росатом» компанияси билан АЭС қуриш бўйича музокараларни давом эттирмоқда, бироқ иш кутилганидан бироз секинроқ кетмоқда.

«Бу масалада ҳеч қандай ҳаракат йўқ, деб айтмаган бўлардим. Россия ва Ўзбекистон ўртасида атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув доирасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Эҳтимол, иш биз кутгандан бироз секинроқ кетмоқда, чунки биз барча жиҳатларни кўриб чиқмоқдамиз, ҳар бир тафсилотни келишиб оламиз ва текширамиз, юзага келиши мумкин бўлган хавфларни бартараф қиламиз. Бунга параллель равишда ҳозир жуда машҳур бўлиб бораётган кичик модулли реакторлар соҳасидаги сўнгги ютуқларни кўриб чиқяпмиз», — деди у.

Вазир АЭС қуриш давлат учун ҳам молиявий, ҳам бошқа нуқтаи назардан жуда жиддий мажбурият эканини таъкидлади.

«Шу боис мавжуд энергия тақчиллигини бартараф этиш мақсадида ҳозирда биз биринчи навбатда қайта тикланадиган энергия манбаларини жадал ривожлантиришга эътибор қаратмоқдамиз. Бироқ АЭС қуриш масаласини кун тартибидан олиб ташламаяпмиз — технологияларни ўрганяпмиз, кадрлар тайёрлаяпмиз, ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Бунда ҳар қандай хавфни бартараф этишимиз керак», — деди у.

Кичик модулли реактор — нисбатан кичик замонавий ядро реактори бўлиб, уни заводда қуриш, сўнгра ҳар қандай тайёрланган майдонда ташиш ва ишга тушириш, шунингдек, кўмир билан ишлайдиган қозонларни ишлаб чиқарадиган иссиқлик станцияларининг аллақачон мавжуд инфратузилмасига ўрнатиш мумкин. Кичик реакторлар — йирик классик реакторлардан фарқли ўлароқ — анча хавфсизроқ, масалан, атом электр станциялари атрофида эвакуация зонасини яратиш каби қатъий хавфсизлик чораларини талаб қилмайди.

Ўзбекистонда АЭС

Ўзбекистонда 2019−2029 йилларда атом энергетикасини ривожлантириш концепциясига кўра, атом электр станциялари қурилишини бошлаш 2022 йилга мўлжалланган. Станция Ўзбекистон давлат бюджети ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилади.

Лойиҳа Жиззах вилоятида қуввати 1,2 ГВт/соат бўлган ВВЭР-1200 типидаги босимли сув реакторларига эга атом электр станциясини қуришни назарда тутади. Уни қуришда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси иштирок этади.

«Ўзатом» бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов 2028 йил декабрь ойида станциянинг биринчи энергоблокини, 2030 йил июнь ойида иккинчи блокни ишга тушириш режалаштирилганини таъкидлаганди.

2019 йил октябрь ойида «Росатом» бош директори Алексей Лихачев корпорация 2019 йил охиригача Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича асосий шартномани имзолашни режалаштираётганини маълум қилганди. Бироқ ҳозирча ҳужжат имзолангани ҳақида хабарлар келиб тушмаган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 19 ноябрдаги Россияга бир кунлик ташрифи чоғида мамлакатлар ўртасида 18 та ҳужжат, жумладан, ҳукуматлар ўртасида ядровий ва биологик хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган.

2021 йил ноябрь ойи бошида Ташқи ишлар вазирлигининг ўша пайтдаги раҳбари Абдулазиз Камилов Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш масаласи лойиҳанинг иқтисодий мақсадга мувофиқлиги, яшил энергетикага сармоя киритиш бўйича кўплаб таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳам, унинг шаффофлиги нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилаётганини айтганди. «Биз нафақат Ўзбекистон, балки қўшни давлатларда ҳам жамоатчиликнинг бу масалага муносабатини ўрганамиз», — деганди у.

2022 йилнинг ёзида энергетика вазирининг собиқ ўринбосари Шерзод Ходжаев Ўзбекистон «Росатом» билан атом электр станциясини қуриш нархини пасайтириш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берганди. Агар станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг нархи бошқа манбалар билан рақобатбардош бўлмаса, лойиҳа амалга ошириладими ёки йўқ, деган хулоса «ўз-ўзидан аниқ» бўлади, деган эди у.