Вазирлар Маҳкамасининг 25 мартдаги қарори билан йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиб борувчи камераларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартиби тасдиқланди.

Президентнинг 20 ноябрдаги қарорига кўра, йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида ҳамда камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида тезликни ошириш, пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби ҳолатларни қайд этиш учун фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилади.

Уларни ўрнатиш 2024 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги нуқталарда босқичма-босқич амалга оширилади:

  • йўл бўйидаги мактаблар яқинида;
  • 4 ва ундан ортиқ тасмали пиёдалар ўтиш жойларида;
  • йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида (йилига 3 мартадан ортиқ).
  • темир йўл кесишмаларида.

Техникаларни ўрнатиш «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади. Ўрнатиш жойлари Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан белгиланади. Транспорт вазирлиги икки ой муддатда хавфлилик даражаси юқори бўлган темирйўл кесишмалари рўйхатни шакллантиради ва ИИВга топширади.

Камералар «Хавфсиз шаҳар» маркази томонидан ўрнатилади ва у «Ўзбектелеком», «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти, ҳудудий автомобиль йўллари бошқармалари ва ободонлаштириш бошқармаларидан техник шартлар, шартномалар, ордер/рухсатномалар олади.

Фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларида электр узилишлари пайтида 8 соатдан кам бўлмаган захира электр таъминоти бўлиши лозим. Хотира қурилмалари, шунингдек, мобиль алоқа мавжуд бўлмаганда 48 соат давомида маълумотни сақлай олиши керак.

Қайд этилган қоидабузарликлар ва фото маълумотлар «Маъмурий амалиёт» модулида икки йил, видео маълумотлар камида 90 кундан кам бўлмаган муддатда сақланади. Камера етказиб берувчи уч йил давомида техник ёрдамга кафолат бериши лозим.

Техник талабларга кўра, камералар бир вақтнинг ўзида уч ва ундан ортиқ йўл тасмаларида 5 дан 250 км/соатгача тезликда, шунингдек, чорраҳаларда ҳаракатланаётган автомобилларнинг давлат рақамларини аниқлаши, кундузги ва тунги вақтда ўтувчи транспорт воситаларининг камида 95 фоизини қайд этиши керак.

«Маъмурий амалиёт» тизимига йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик далили бўлган фотосуратлар ва видеолардан ташқари қоидабузарликни қайд этилишнинг аниқ вақти ва манзили, автотранспорт тезлиги, GPS координаталари ҳам тақдим этилиши шарт.