Президент фармони билан автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорга бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида ҳамда йўл-транспорт ҳодисалар ўчоқларида белгиланган тезликни ошириш, пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби қоидабузарликларни аниқловчи махсус фото видео қайд этиш воситалари ўрнатилади.

Бу «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Эътиборлиси, жамғармага йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар суммасининг 5 фоизи, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома олиш ва ўзгартириш учун йиғимларнинг 20 фоизи, камералар орқали қайд этилган қоидабузарлик учун жарималарнинг 25 фоизи ўтказилади.

Шунингдек, давлат рақами белгилари оширилган тўлов ставкалари бўйича аукциондан олиниб, аукционга қўйилган бошланғич нархи бўйича умумий тартибдаги реализациясидан олинган тушумларнинг 50 фоизи, видеорегистраторлар, видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарималарнинг 100 фоиз ўтказилади.

2022 йилнинг август ойида Тошкентда илк бор мактаб ва боғчалар олдида транспорт оқимини сокинлаштириш дастури тайёрланаётгани хабар қилинганди. Тажриба лойиҳасини ишлаб чиқишда россиялик мутахассислар — урбанист Аркадий Гершман ва транспорт муҳандиси Александр Девяткин биринчи босқичда тез ва арзон ечимлар: белгилар, устунчалар, нотекисликлар қўлланилишини айтганди.