Шавкат Мирзиёев 18 март куни Ўзбекистонда BYD электромобиллари ва гибрид автомобиллари ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция битимини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD Auto компанияси 2022 йил август ойидаёқ Ўзбекистонда тўлиқ сиклли автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишиб олганди. Бунгача томонлар автомобиль бозорини ўрганган.

2022 йил 29 декабрда «Ўзавтосаноат» (60 фоиз улуш) ва BYD Europe B.V. (Нидерландия, 40 фоиз) BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонасини ташкил этган. 2023 йил 26 сентябрда Ўзбекистон ҳукумати ва инвестор ўртасида лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув имзоланган. BYD бренди Ўзбекистонда 2023 йил бошидан расман тақдим этила бошланган.

Қарордан англашилишича, инвестор ва қўшма корхона ўз мажбуриятлари доирасида лойиҳани амалга оширишнинг бутун даври давомида умумий қиймати 160 млн долларлик инвестицияларни, жумладан, 60 млн доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиши керак.

Биринчи босқичда 2024 йил давомида майда узелли йиғиш (CKD) усулида электромобиль ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш қувватини 50 минг донага етказиш режалаштирилган. Лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичларида қувват йилига 500 минг донагача оширилиши кутилмоқда.

Инвестор мамлакатдаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситалари учун бутловчи қисмлар ва эҳтиёт қисмлар, жумладан, ойна, ўриндиқлар, пластик қисмлар ва бамперлар ишлаб чиқаришни босқичма-босқич маҳаллийлаштиришга кўмаклашиши, шунингдек, 1000 та иш ўрни яратиши лозим.

Бундан ташқари, инвестор илмий тадқиқотлар олиб борилиши ва маҳаллий кадрлар, жумладан, хориждаги BYD корхоналарида мунтазам равишда малакасини ошириши учун қўшма корхона маблағидан йўналтириш мажбуриятини олади.

Президент Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда «Ўзавтосаноат» компаниясига BYD билан келишувга йилига 500 мингтагача ишлаб чиқариш қувватига эришиш режаларига қўшимча равишда маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш, 10 минг иш ўрни яратиш, шунингдек, қўшма корхона томонидан белгиланган экспорт давлатлари билан бир қаторда доимий равишда автомобиллар экспорт қилинадиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш бандларини ҳам киритиш бўйича музокаралар олиб боришни топширди.

Шунингдек, шартномага сифатли ҳамда хавфсиз электромобиллар ва гибрид автомобиллар харид қилиш, уларнинг маҳаллий иқлим шароитларига мос келишини таъминлаш ва кафолатли хизматлар кўрсатиш бўйича истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқиш, автомобиль ишлаб чиқарувчи барча корхоналарга, шу жумладан, инвесторга имтиёзлар ва преференсиялар беришда тенг шароитлар яратиш масалалари ҳам қўшилиши режалаштирилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, худди шу ҳужжатда BYD компанияси Ўзбекистон ҳукуматидан электромобилларнинг «тартибсиз» импортини чеклашни сўрагани айтилади. Бу сўров импорт қилинган моделларнинг маҳаллий иқлим ва йўл шароитига мослаштирилмагани билан изоҳланган.

Президент Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятига рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, Жаҳон савдо ташкилоти тамойилларидан келиб чиқиб 2024 йил 1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамасига BYD бренди остидаги электромобиль ва гибрид автомобиллар импортини тартибга солиш бўйича инвестор талабини амалга оширишга қаратилган таклифлар киритиш топшириғини берди.