Шавкат Мирзиёев 18 март куни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатига инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича йиғилиш ҳамда ушбу соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди, деб ёзди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари бундан буён ҳар бир тармоқ корхоналари вакиллари билан уларни ўйлантираётган масалалар ечими бўйича учрашувлар ўтказилишини таъкидлади. Тадбирга 100 дан ортиқ энг фаол экспортчи-тадбиркорлар ва логистика корхоналари вакиллари таклиф этилди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилган, озиқ-овқат саноатида 86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу маҳсулотлардан 5 миллиард долларлик экспорт қилиш мумкин. Бироқ 2023 йилда унинг ҳажми 2 миллиард доллардан ошмаган, чунки иқтисодий ва агросаноат мажмуалари раҳбарлари, шунингдек, ҳокимлар ишни тўғри ташкил эта олмаган, экспортёрлар муаммосини ҳал этмаган, деди президент.

Ўтган йили Ўзбекистон Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Колумбия, Индонезия каби 10 дан ортиқ янги бозорга чиққан, маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етган.

валюта, инфляция, қишлоқ хўжалиги, шавкат мирзиёев, экспорт

Лекин экспортнинг 80 фоизи 5 та давлат бозорларига тўғри келган. Яъни қишлоқ хўжалиги экспортининг асосий қисми «нархлари килограмми 1 доллардан паст бўлган бозорларга» кетади.

Ўтган йили 52 давлатга 126 минг тонна узум экспорт қилинган бўлса, шундан 98 минг тоннаси (77,7 фоизи) 12 давлатга килограмми 1 доллардан арзон нархда сотилган, деди Шавкат Мирзиёев. Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда сабзавот ва мевалар савдоси 1,76 миллион тоннага (+1,1 фоиз), қиймат жиҳатидан эса 1,18 миллиард долларга (+3,3 фоиз) ўсган. Мева-сабзавот экспортининг асосий бозорлари Россия (37 фоиз), Покистон (16,7 фоиз), Хитой (12,3 фоиз) ва Қозоғистон (10,3 фоиз) бўлган.

Ўзбекистоннинг энг харидоргир маҳсулотлари бўлган гилос, шафтоли, хурмо, ўрик, олча, олхўри, анжир, анор, бодом, ловия, мош каби маҳсулотларни экспорт қилишда ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда.

Президент 1 миллион гектар ғалладан бўшайдиган майдон, 508 минг гектар аҳоли томорқаси, 260 минг гектар одамларга бўлиб берилган ерлар имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаётганини айтди. Масалан, 16 та туман мева-сабзавот маҳсулотларини умуман экспорт қилмаган. Ёки пахта экилмаган 28 туманда экспорт кўрсаткичлари қониқарсиз. Бу соҳаларда маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш ва сотишда экспортёр ва фермерлар ўртасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилмаган, деди давлат раҳбари.

Президент туман ҳокимлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ва экспорт масалалари бўйича ўринбосарларига кескин эътироз билдирди.

Жорий йилда ҳудудий дастурлар доирасида мамлакат бўйлаб умумий қиймати 833 миллион долларлик 528 та озиқ-овқат лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган. Бироқ 14 та туманда бу борада лойиҳа мавжуд эмаслиги танқид қилинди.

Жорий йилда озиқ-овқат саноатида камида 100 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 1 миллиард доллар экспорт қилиш режалаштирилган. Лекин озиқ-овқат йўналишидаги айрим корхоналар айланмаси учун маблағ ола олмаган, айримлари сифат бўйича рақобатга бардош беролмаган, тежамкор технология ўрнатмагани учун таннарх баланд бўлган.

валюта, инфляция, қишлоқ хўжалиги, шавкат мирзиёев, экспорт

Шу каби, озиқ-овқат йўналишидаги 20 та йирик корхона хомашё етишмаслиги, маҳсулотига бозор топиш ва айланма маблағ муаммолари сабабли қувватларининг ярмини ҳам ишлатаётгани йўқ.

«Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олиш зарур. Инфляцияни жиловлаш ва валюта барқарорлигини таъминлаш экспорт билан чамбарчас боғлиқ. Қанчалик кўп маҳсулот ишлаб чиқармайлик, экспорт учун керакли шарт-шароитни яратмасак, ўзгариш бўлмайди. Шунинг учун, қандай ташаббус бўлса, барчасини эшитишга тайёрман», — деди президент.

Давлат раҳбари соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан суҳбатлашди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш юзасидан уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.

Шавкат Мирзиёев 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда экспорт масаласини «ҳаёт-мамотимиз» деб атаганди. «Агар валюта баланси, инвестиция ёки конвертацияни давом эттирамиз десак, экспортни импортга нисбатан барқарор ушлаб туришимиз керак», — деганди у.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2023 йилда ўтган йилга нисбатан 12 миллиард долларга ёки 23,8 фоизга ўсиб, 62,57 миллиард долларни ташкил этган. Йил давомида экспорт 23,8 фоизга — 24,4 млрд долларгача, импорт 24 фоига — 30,1 млрд долларгача ошган. Ташқи савдо тақчиллиги 13,7 млрд доллардан ортиқни ташкил этган, бу 2022 йилга нисбатан 24,3 фоизга кўп (-11,03 млрд доллар). Агар рекорд даражадаги олтин экспорти ва хизматлар соҳасидаги ижобий сальдо бўлмаганида, бу кўрсаткич янада юқори бўларди.

1 март ҳолатига кўра, олтин-валюта захиралари 32,2 миллиард долларгача қисқарди, бу ўтган йил сентябридан бери энг кам кўрсаткич. 2023 йилнинг 11 ойи давомида валютани сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги фарқ 11,4 миллиард долларга етган.