Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига ташрифи доирасида «Иттифоқ» маҳалласида бўлиб, томорқа ва уй хўжаликлари билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ «Газета.uz» президентнинг ташрифидан мақсад Сайхунободдаги ҳудудни томорқа ва уй хўжалиги имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш моделига айлантириш лойиҳасини ишга тушириш эканини ёзган эди. Келгусида бу тажриба бутун республика бўйлаб қўлланиши режалаштирилган. Давлат раҳбари билан 7 март куни бўлиб ўтган йиғилишда томорқа ерларининг имкониятларини реализация қилиш оилалар учун даромад манбалари яратишнинг энг қулай ва кенг тарқалган усулларидан бири экани айтилганди.

7 март куни президент «Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатда 2024 йилда 54 та туманда (Ўзбекистонда вилоят ва республикага қарашли жами 208 та туман ва шаҳар мавжуд) экспортга мўлжалланган ва юқори рентабелликга эга қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун намунавий ўқув-тажриба майдончалари ташкил этиш ҳамда аҳолининг ушбу соҳадаги кўникма ва билим даражасини ошириш кўзда тутилган.

томорқа, сайхунобод тумани, фото, шавкат мирзиёев

6 минг 672 нафар аҳоли яшайдиган «Иттифоқ» маҳалласидаги томорқаларнинг умумий майдони 185 гектарни ташкил этади.

Шавкат Мирзиёев шу пайтгача хонадонида намунавий томорқалар ташкил этилган фуқаролар билан суҳбатлашди.

томорқа, сайхунобод тумани, фото, шавкат мирзиёев

Рисолат Ғуломованинг 14 сотих томорқасида сабзи, саримсоқ, пиёз экилиб, ернинг ўттиз фоиз имкониятидан фойдаланилган.

Ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар кўмагида томорқага олма ва ток кўчатлари, уларнинг орасига турли кўкатлар экилган. Бундан ташқари, товуқ, қуён, асалари ва соғин сигир боқиш йўлга қўйилган, дейилади хабарда.

томорқа, сайхунобод тумани, фото, шавкат мирзиёев

2 сотихли майдонда ёқилғисиз исийдиган иссиқхона ҳам қурилган. Унда 30 туп лимон кўчати, қатор ораларига помидор ва қулупнай экилган.

«Халқимиз ўз ҳаётида сезиши учун ҳамма ишларни маҳаллада ташкил қиляпмиз. Энди давлат идораларининг бутун имкониятларини ҳар бир кўчага, хонадонга олиб кирамиз», — деди президент.

томорқа, сайхунобод тумани, фото, шавкат мирзиёев

«Маҳаллага бириктирилган банк маблағ бериш билан бирга одамларнинг дунёқарашини ҳам ўзгартиради. Мақсадимиз халқнинг даромадини ошириш, бой қилиш. Албатта, осон бўлмайди. Бу машаққатли меҳнат, тинимсиз изланиш, янги-янги ғоялар дегани. Лекин бажарса бўлади», — деди у.