Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида жойлардаги ва республика даражасидаги раҳбарлар Сайхунободдаги аҳволни яхшилашга эътибор қаратмагани, пастга тушиб ишламагани, фақат йиғилиш ўтказиш билан чекланганини танқид қилди.

Шу сабабдан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, ўрнига бошқа раҳбарлар қўйилди, дея хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Эслатиб ўтамиз, бу йиғилишдан 3 кун аввал Сайхунобод туманининг ҳокими Анвар Каримов ўрнига Комилжон Муллажанов туман ҳокими этиб тайинланганди. Шунингдек, Абдурахим Умаров Сирдарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаганди.

«Мисол учун, туманда 2 минг 400 та ишсиз бор, камбағаллик даражаси — 14 фоиз, маҳаллий бюджет тушуми 27 млрд сўм, харажати 67 млрд сўм. Бир сўз билан айтганда, Сайхунободда тадбиркорлик ўсмаяпти, Янги Ўзбекистон нафаси сезилмаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари нега айнан шу туманга келганини изоҳлади.

«Сайхунобод аҳолиси яхши яшашга, даромадли бўлишга, болаларини ўқитишга интилмоқда, лекин тумандаги оғир иқтисодий аҳвол бунга тўсқинлик қилмоқда. Тадбиркорлик, бандлик, камбағалликдан чиқаришга катта-катта маблағлар ажратилаётганига қарамай, Сайхунободдаги 19 та маҳаллада яшайдиган 83 минг аҳолини қанчасига бу имкониятлар етиб боряпти, деган савол очиқ қолмоқда», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, бу йиғилиш томорқа ва уй хўжаликларини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишда нафақат Сайхунобод, балки бутун мамлакат учун туб бурилиш ясаши айтилди.