Ўзбекистонлик дипломатлар ва Буюк Британия бизнес ва савдо вазирлиги бошқармаси бошлиғи Луис Колвелл ўртасидаги музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзолиги ва экспорт ҳажмини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди, деб хабар берди «Дунё» АА.

Суҳбат давомида Британия томонига 26−29 февраль кунлари Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган ЖСТга аъзо давлатлар вазирларининг 13-учрашуви доирасида уч давлат — Япония, Исроил ва Доминикан Республикаси билан бозорга кириш протоколлари имзолангани, шунингдек, Таиланд билан музокаралар якунлангани ҳақида ахборот берилди.

Британия томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги қадамларини олқишлаб, бу йўналишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон экспортини ошириш мақсадида мамлакат тадбиркорлари ва британиялик экспертлар иштирокида вебинар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг апрель ойида мамлакат экспортини икки баробарга ошириш стратегияси доирасида ЖСТга албатта кириши кераклигини айтган эди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг устувор йўналишларидан биридир, деганди у.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш ташаббусини 1994 йилда бошлаган, бироқ 2005 йилда бу жараённи тўхтатган. 2020 йилда ташкилотга қўшилиш бўйича ишлар қайта тикланди ва ишчи гуруҳ билан биринчи учрашув ўтказилди.