Президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари ва истиқболларига оид тақдимот билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда мазкур халқаро тузилмага қўшилиш жараёнини қайта бошлаган эди. Март ойида Женевада ушбу жараён бўйича ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон уч давлат билан музокараларни деярли якунлади. Жами 47 та мамлакат бўлиб, 31 таси билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.

Йиғилишда давлат раҳбари Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш шартлигини таъкидлаб, бунинг иқтисодий аҳамиятига тўхталди.

«Келгуси уч йилда тайёр маҳсулот экспортини 2 баравар ошириш режа қилганмиз. Бунга эришишнинг бирдан бир йўли — Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш. Бу 164 та давлат билан адолатли савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларни яратиш имконини беради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ўтган йилги Мурожаатномасида бу жараённи жадаллаштириш ҳақида айтган эди. Шу мақсадда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо 50 дан зиёд давлатлар билан икки томонлама музокаралар олиб борилди. Бу жараён бўйича жорий йилнинг март ойида Жаҳон савдо ташкилотида ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотда аъзо давлатлар томонидан кўтарилган масалалар муҳокама қилинди.

Жаҳон савдо ташкилотининг битимларидан келиб чиқиб, миллий қонунчиликни унга уйғунлаштириш, тартиб ва стандартларни халқаро талабларга мослаштириш бўйича топшириқлар берилди. Бунинг учун хорижий консультантларни жалб қилиб, ишчи гуруҳларни шакллантириш, барча вазирликлар ва элчихоналар билан тизимли ишлаш зарурлиги таъкидланди