5 март куни Сирдарё вилояти халқ депутатлари Гулистон шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Йиғилишда аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, ободонлаштириш бўйича ишлар қониқарсизлиги, шаҳар мастер режаси охирига етказилмагани, экспорт масаласида аҳвол ёмонлиги, айниқса, қурилиш ишларида ўзибиларчиликка йўл қўйилаётгани кескин танқид қилинган.

Вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига Жамолиддин Хуснуддинович Ходжиманов номзодини тавсия қилган. Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг қарори билан у Гулистон шаҳар ҳокими этиб тайинланди.

Жамолиддин Ходжиманов 1987 йилда Сардоба туманида туғилган. 2011 йил Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган.

У меҳнат фаолияти давомида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида молия ва иқтисодиёт соҳаларида турли ташкилотларда масъул вазифаларда ишлаган. Тайинловга қадар Чилонзор тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг февралидан буён Гулистон шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Тўлқинжон Дадабаев февраль ойи бошларида соғлигидаги муаммолар сабаб ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилган.