Якшанба куни Ўзбекистонда фаолият юритаётган ёқилғи қуйиш шохобчалари сони янада камайди. Бу ҳақда душанба куни бўлиб ўтган брифингда Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди. Жума ва шанба кунлари бўйича маълумот берилмади.

Автоёнилғи

17 февраль куни кучли шамол ва қор ёғиши оқибатида Бухоро вилоятида 110 кВ кучланишга эга «Л-Газли-1» ҳамда «Л-Газли-2» электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Ўшанда «Газли» компрессор станциясидаги 8 та, «Газли» газни қайта ишлаш заводининг «Учқир» компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати фавқулодда тўхтаганди. 21 февраль куни эса ташкилот линиялардаги авария оқибатлари тўлиқ бартараф этилганини маълум қилди. Энергетика вазирлиги 29 февралдан бошлаб ҳисоботларида ўчиш оқибатларини яна эслата бошлади.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида АГТКШлар фаолиятига «қисқа муддатли» чекловлар жорий этилганди. Шу билан бирга, ёқилғи қуйиш шохобчаларига бензин етказиб беришни кўпайтириш режалари эълон қилинган. 22 февралдан бошлаб ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар босқичма-босқич олиб ташлана бошлаган, бироқ улар сақланиб қолмоқда.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, якшанба куни иш фаолиятидаги АГТКШлар сони пайшанбага нисбатан деярли икки баравар камайди. 3 март куни жами 1517 та ёқилғи қуйиш шохобчасидан 280 таси ишлаган бўлса, пайшанба куни бу кўрсаткич 550 тани ташкил этди. АГТКШлар орқали 2,57 миллион куб метр ёки 30,6 фоиз камроқ газ сотилган — бу 20 февралдан бери энг минимал кўрсаткич.

Суюлтирилган газ савдоси 390 минг тоннани ташкил этди, бу 29 февралдагидан 45 фоизга кам.

Энергетика вазирлиги фаолият кўрсатаётган АГТКШлар рўйхати ва иш жадвалини эълон қилмаяпти.

Вазирлик «аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари бензин ҳамда дизель ёқилғиси билан мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қондирадиган ҳажмда таъминланаётганини» маълум қилди. Бироқ, айниқса, Аи-80 бензини сотилаётган эрталабки вақтларда ёқилғи қуйиш шохобчаларида ҳамон узун навбатлар кузатилмоқда.

Хабарда якшанба куни ёқилғи қуйиш шохобчалари қўшимча 1165 тонна бензин олгани келтирилган, аммо умумий ҳажм кўрсатилмаган. Пайшанба куни жами 4313 тонна бензин етказиб берилгани хабар қилинган.

Электр энергияси таъминоти

3 март куни мамлакатда 237,1 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, бу 29 февралдагига нисбатан 1,2 миллион кВт/соатга кам. Бу, шунингдек, Энергетика вазирлиги кунлик ҳисобот эълон қила бошлаган 19 февралдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Иссиқлик электр станциялари томонидан бир кунда 42,3 миллион куб метр табиий газ, 20,4 минг тонна кўмир ва 10,8 минг тонна мазут сарфланган.

Туркманистондан электр энергияси импорти 22,3 миллион кВт/соатдан 20,9 миллион кВт/соатгача қисқарган, бу умумий истеъмолнинг (227,5 миллион кВт/соат) 9,2 фоизини ташкил этади.

Тиғиз вақтларда электр энергиясига 960 МВтгача чекловлар жорий этилди, бу 18 февралдан бери энг юқори кўрсаткичдир (бундан олдин максимал чекловлар 700 МВт эди). Чекловларни жорий этиш эҳтимоли 4 март куни ҳам сақланиб қолади, дея огоҳлантирди вазирлик.

«Газ босимининг паст эканига қарамай», 3 март куни унинг истеъмоли юқори бўлди, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги, — 148,5 миллион куб метр, бу режадагига нисбатан 11 фоизга кўп. Шу билан бирга, пайшанба ва чоршанба кунларига нисбатан паст (мос равишда 150,8 ва 154,7 миллион куб метр).

Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келган тақдирда, истеъмолчилардан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71−207−23−76 телефон рақами ёки Telegram`даги (@het_admin) администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71−202−11−04 телефон рақами ёки Facebook ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78−148−30−03, 71−244−38−28 телефон рақамларига мурожаат қилиш сўралади.

Ноябрь ойи охирида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов жорий қишда юзага келиши мумкин бўлган энергия ресурслари танқислигини қандай қоплашни режалаштираётгани ҳақида гапирганди. Жумладан, азутдан электр ишлаб чиқариш, йирик корхоналарни тунги иш режимига ўтказиш, АГТКШларга газ етказиб беришни қисқартириш кўзда тутилганди.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистон қандай қилиб газ экспорт қилувчи давлатдан соф импортчи давлатга айланиб қолганини ўрганган эди.