Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев АОКАда ўтказилган брифингда мамлакатдаги метан «заправка»лар фаолияти тўхтатилгани юзасидан изоҳ берди.

17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол туфайли 110 кВ кучланишга эга «Л-Газли-1» ҳамда «Л-Газли-2» электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши оқибатида «Газли» компрессор станциясидаги 8 та ҳамда «Газли» газни қайта ишлаш заводига қарашли «Учқир» компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати фавқулодда тўхтаган. Оқибатда табиий газ ҳажми меъёрий схемадагидан қисқариб, магистраль газ қувурларида босим нисбатан пасайган.

Газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатдаги барча метан «заправка»лар фаолияти вақтинчалик тўхтатилган ва бу чеклов бугун, 19 февраль куни ҳам давом этади. Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал вазирлик автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолиятига «қисқа муддатли» чекловлар мамлакат ҳудудида ҳаво ҳароратининг пасайиши сабабли киритилаётганини таъкидлаганди.

Вазирлик вакилининг таъкидлашича, ҳозирда 110 кВли «Л-Газли-1» ҳамда «Л-Газли-2» электр узатиш тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Газ ҳайдаш агрегатлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш устида ишланмоқда.

18 февраль куни мамлакатдаги 133 та метан «заправка» орқали ижтимоий соҳа — тиббиёт муассасалари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 700 минг кубометр табиий газ етказиб берилган.

«Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 18 февраль куни „Ўзбекнефтгаз“ акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 1126 тонна автобензин етказиб берилди», — дея таъкидлади Ҳасан Тошхўжаев.

Вазирлик вакилининг «Газета.uz» берган маълумотларига кўра, авариявий ҳолат бартараф қилингач, газ агрегатлари тўлиқ куч билан ишлай бошлайди ва метан «заправка»лар ҳам белгиланган режа-график асосида (ҳар куни соат 8:00 дан 15:00 гача вақт оралиғида) босқичма-босқич ишга туширилади. Ҳозирча муҳим ижтимоий объектларнинг автомобилларига метан газ етказиб бериш учунгина айрим «заправка»лар ишлатиляпти холос ва улар ҳам кам миқдорда газ узатяпти.

Вазирлик айни вақтда таъмирлаш ишлари деярли тугаб қолгани, вазирли ишлар якунланиши билан бу бўйича ахборот беришини маълум қилди.

Шунингдек, 18 февраль куни мамлакат бўйлаб кучли шамол эсиши ва қор ёғиши туфайли электр қурилмаларида юзага келган 9 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинган.

Жумладан, Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги 700 та истеъмолчи, Бухоро вилоятининг Ромитан, Бухоро, Олот, Когон ҳамда Жондор туманларидаги 15 мингта истеъмолчи, Самарқанд вилоятининг Самарқанд, Пастдарғом, Булунғур, Жомбой, Тайлоқ ва Пайариқ туманларидаги жами 35 мингта истеъмолчи, Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманидаги 1150 та истеъмолчи, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги 1240 та истеъмолчи, Андижон вилоятининг Андижон туманидаги 980 та истеъмолчи куннинг турли вақтлари давомида электр таъминотидан узилган.

18 февраль куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 322 та мурожаат келиб тушган ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилган. Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 178 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилган.

Кун давомида барча электр станциялар орқали жами 231,4 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 40,3 млн кубометр табиий газ, 26,3 минг тонна кўмир ҳамда 10,7 минг тонна мазут ёқилган. Туркманистондан 21,6 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинган.

Шунга қарамай, 18 февраль куни электр энергияси етказиб бериш бўйича дефицит 6,4 млн кВт·соатни ташкил этиб, мамлакат бўйлаб куннинг тиғиз вақтида 400 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинган. Республика истеъмолчиларига 225,6 млн кВт·соат электр энергияси етказиб берилган. Табиий газ истеъмоли 151,6 млн кубометрни ташкил қилган.