Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси пойтахтда кўплаб уй-жойлар реновация дастурига тушгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, бу режа мустаҳкам қонуний асосга эга бўлиши ва реновация тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилиши кераклигини айтмоқда. Гап Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқовнинг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюси ҳақида кетмоқда.

Сешанба куни президентга қилинган тақдимотдан сўнг ҳоким в.б. Тошкент шаҳрида 500 гектар майдондаги турар жой бинолари реновация дастури билан қамраб олинишини айтди. Президент реновация механизми қандай бўлиши кераклиги ҳақида тушунтириб, тасдиқлаб берган.

Ҳоким берган изоҳида кўп йил олдин қурилган икки қаватли бинолар, Сергелидаги вақтинча қурилиб кетган уйлар — ҳаммаси талабга жавоб бермаслиги, давлат бизнесга шароит яратиб бергани учун хусусий сектор келгусида уларни бемалол кўчириши, чиройли қурилиш объектларини барпо этишини айтди.

Миллий тикланиш партияси расмий саҳифасида реновациянинг мустаҳкам қонуний асоси бўлиши ва бу борадаги дастурлар уй-жой мулкдорлари ҳамда кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши зарурлигини эслатиб ўтди.

Фойдаланишга яроқсиз, эскирган кўп қаватли уй-жойларни ўрнига янгиларини қуриш яхши албатта. Бу билан пойтахтимиз обод бўлади, кўчаларимиз кўркамлашади, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишлари жадаллашади, дейилади хабарда.

Ташкилот хабарига кўра, реновация дастуларини ишлаб чиқиш учун энг аввало, ушбу жараённи очиқ ва шаффоф амалга оширишнинг қонуний асослари, реновация тартиби ва қоидалари бўлиши лозим. Қолаверса, реновация дастури лойиҳаси реновацияга тушадиган уй-жой мулкдорларининг розилигига асосланиши ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилиши шарт.

«Реновация бўйича қонун қабул қилинмасдан, бу ишлар амалга оширилса, афсуски бир неча йиллар олдин мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш ва мамлакатимиз имижига салбий таъсир кўрсатган „снос“, деган ҳолатга ўхшаш жараёнлар бошланиб кетиши эҳтимолдан йироқ эмас. Янгиланган Конституциямизнинг 49-моддасида шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши қатъий белгиланган. Уй-жой мулкдорлари ҳуқуқлари эса Асосий Қонунимизнинг тегишли моддалари билан қатъий кафолатланди. Қолаверса, Ўзбекистонга кўплаб инвесторлар келаётган, туризм ривожланаётган бир шароитда Тошкентнинг қадимий ва тарихий аҳамиятга молик биноларини, кўп қаватли турар жойларни, умуман олганда шаҳарнинг тарихий қиёфаси ва архитектурасини ҳам сақлаб қолишимиз шарт», — дея келтирмоқда партия.

Шу боис, Ҳукумат ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги энг аввало, реновация тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиб, парламент қабул қилгандан кейингина реновация билан боғлиқ дастурларни амалга оширишини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз, дейилади партия хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2018 йил декабрь ойида парламентга йўллаган мурожаатномасида биринчи марта жаҳон мегаполислари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда уй-жойларни реновация қилиш дастурини қабул қилиш зарурлигини маълум қилганди.

Ўша йили республика бўйича икки ва ундан юқори қаватли 34 584 та кўп қаватли уйни инвентаризация қилиш натижалари тақдим этилган. 455 та уйда авария белгилари аниқланган (фасаддаги ёриқлар, пойдеворнинг чўкиши, ертўла ва том иншоотларида бетоннинг коррозияси ва бошқалар).

Ўтган йилнинг ноябрь ойида «Адолат» партияси бу тартиб учун мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида Тошкент шаҳрида янги қурилишларни амалга оширишга қарши чиққанди.