26 февраль куни Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига Музаффар Эркабоевич Ражаббоев ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида малум қилинди.

У 2020 йилнинг июнидан бери шаҳарга ҳокимлик қилиб келган Акром Эшонқуловнинг ўрнини эгаллади. Акром Эшонқулов 6 февраль куни лавозимини тарк этгани ҳақида ўзи эълон берган ва аҳолига миннатдорлик билдирганди.

Янги ҳоким 1984 йилда Паркент туманида туғилган. Маълумоти олий. 2007 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институти, 2014 йилда Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси, 2019 йилда Хитой халқаро бизнес ва иқтисодиёт университетида магистратурани тамомлаган.

У Қибрай тумани ИИБ ёнғин хавфсизлиги хизматида меҳнат фаолиятини бошлаган. Шунингдек, Юқори Чирчиқ, Паркент тумани ҳокимликларида масъул вазифаларда ишлаган.

Тайинловга қадар Ражаббоев Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Маълумот учун, шу вазирликнинг яна бир вакили — вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Эркин Муҳитдинов 2023 йил август ойида Оҳангарон туманига ҳоким этиб тайинланган.