Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига 2020 йил 4 июндан буён ҳокимлик қилиб келаётган Акром Жўраевич Эшонқулов 6 февраль куни фаолиятини тугатгани ҳақида эълон берди. Унинг нутқи шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилди.

Ҳоким мазкур фаолиятидаги ҳар бир дақиқаси унинг ҳаётида ўчмас из қолдирганини таъкидлаб, бундай имконият учун президентдан миннатдор эканини билдирди. У ишдан кетаётганига айнан нима сабаб бўлгани ҳақида ёзмади.

«Оҳангарон шаҳри менинг она шаҳримдек юрагимдан жой олди. Шаҳар равнақи йўлида нимага эришган бўлсам, барчасида Сизларнинг меҳнатингиз беқиёс. Иш жараёнларида биронтангизни ранжитган бўлсам, барчаларингиздан узр сўрайман. Хайр Оҳангарон шаҳрим. Хайр жонажон шаҳрим», — дея якунлади пост.

Акром Эшонқулов 1976 йилда Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида туғилган.

Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (магистратура) битирувчиси. Мутахассислиги — иқтисодчи.

Оҳангаронга ҳоким этиб тайинлангунига қадар Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича, Республика бўйсунувчи шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган.

Ўтган йиллар давомида Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот-таҳлилий гуруҳи раҳбари, Оҳангарон шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари, Оҳангарон шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.