Тошкент вилоятининг Бекобод туманида Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Улар Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ўтказган тезкор-қидирув тадбирда қонунни бузгани аниқланди, дея хабар бермоқда Telegram`даги «Xavfsizlik» канали.

Бекобод тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Н.Ж. ва бош ҳисобчиси Э.Ў.лар тикувчиликка ихтисослашган 3 та корхона раҳбари билан келишиб, 950 млн 570 минг сўм пул маблағини талон-торож қилган.

Аниқланишича, улар 2023 йилнинг октябрь-декабрь ойларида Бекобод туманида яшовчи 116 нафар фуқарога гўёки касаначилик фаолиятида зарур бўладиган асбоб-ускуналар етказиб берилгани тўғрисида расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.