UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 бензинининг нархи литри учун 7 минг сўмгача кўтарилди. «Газета.uz»га ушбу маълумотни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти тасдиқлади.

26 февралдан бошлаб нархлар ошди. Компания яқин орада бунинг сабабларини эълон қилишини билдирди.

1 январдан UNG Petro`да бензин 6800 сўмдан сотилаётганди. Шу кундан бошлаб импорт қилинадиган ва маҳаллий Аи-80 бензини ҳамда унинг чакана савдосига ноль акциз солиғи ставкаси бекор қилинди. 2022 йил 13 декабрдан ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар ва бензинга талаб ортиши муносабати билан тариф нолга туширилганди. Кейинроқ бензин 6800 сўмдан 5700 сўмга арзонлашди. Сўнг нарх 6050 сўмгача кўтарилди. Хусусий шохобчаларда нарх анча юқори бўлди.

«Газета.uz» аввалроқ ёзганидек, ўтган йили Аи-80 бензинига акциз солиғи бекор қилингани сабабли давлат бюджети 100 миллион доллар даромад йўқотган, Ўзбекистон аҳолиси эса бу имтиёздан деярли ҳеч қандай фойда кўрмаган. Энергетика вазирлиги асосий фойда олувчилар тадбиркорлар бўлганини тасдиқлаган.

Январь ойи охирида президент бош вазирга 2025 йилдан Аи-80 бензинидан бутунлай воз кечиш масаласини ҳал этиш бўйича топшириқ берганди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов буни қандай амалга ошириш режалаштирилаётгани ҳақида гапирган.

Охирги бир ойдан бери Тошкентдаги UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчасида Аи-80 бензини асосан эрталаб сотилиб, уни олишда узун навбатлар юзага келмоқда.