Аи-80 маркали бензин учун акциз солиғи ставкаси вақтинча нолга туширилиши оқибатида давлат бюджети 1 триллион 229 миллиард сўмга (ҳозирги курс бўйича қарийб 100 миллион доллар) қисқарди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги «Газета.uz»га маълум қилди.

Акциз солиғининг ноллаштирилиши ва бунинг бюджетга таъсири

2022 йил 13 декабрдан бошлаб бензинга бўлган талабнинг ўсиши ва ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолияти чекланиши муносабати билан импорт ва маҳаллий Аи-80 бензини ҳамда унинг чакана савдосида акциз солиғини ҳисоблаш ва ундириш ставкаси нолга тенглаштирилди — аввал 2023 йилнинг 1 мартига қадар, сўнг ўтган йилнинг охиригача.

«Ноль» ставка қўлланиши билан давлатга қарашли UNG Petro («Ўзбекнефтгаз»нинг шуъба корхонаси) ёнилғи қуйиш шохобчаларида энг арзон бензиннинг бир литри 6800 сўмдан 5700 сўмга тушди (лекин бунгача 5500 сўмгача арзонлашиши кутилган эди). Кейинроқ нарх 6050 сўмгача кўтарилди. Хусусий шохобчаларда нарх анча юқори эди.

«Бу имтиёз аҳолидан кўра тадбиркорларга кўпроқ фойда келтирди, — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида. — АЁҚШларда бензин сотиш бозор тамойиллари асосида биржа савдолари орқали амалга оширилаётгани ва унинг нархи эркин шакллантирилгани боис Аи-80 бензинининг литри Тошкент шаҳридаги Mustang ёнилғи қуйиш шохобчасида 8000 сўм, Intran servis`да — 8 400 сўм, Poytaxt Oil`да — 8 200 сўм, IBR`да — 8 000 сўм, Arena Petrol`да — 8 000 сўм ва Fath Oil`да — 8 200 сўм бўлди».

Вилоятларда нархлар 6500 сўмдан 7700 сўмгача бўлган. Қайд этилишича, айрим шохобчалар шунчаки UNG Petro бензинини қайта сотиш билан шуғулланган, шу боис у ерда катта навбатлар юзага келган ва етказиб бериш ҳажми икки баробарга кўпайганига қарамай, Аи-80 ёнилғиси баъзида туш пайтигача тугаб қолган.

Энергетика вазирлиги эски нархнинг қайтарилиши (UNG Petro маҳсулотнинг ҳар литрини 6800 сўмдан сотмоқда, хусусий шохобчалардаги нархлар эса 8800 сўмгача) юқори октанли бензин маркалари нархининг ошишига олиб келмаслигини таъкидлади. Аммо айрим шохобчаларда имтиёз бекор қилинган биринчи куннинг ўзидаёқ Аи-91 ва бошқа бензинларнинг нархи ошди.

Давлат органининг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистонда бензин етказиб бериш ҳажми бўйича муаммо йўқ.

2022 йилда мамлакатда 1,255 миллион тонна бензин ишлаб чиқарилган, 121,3 минг тонна импорт қилинган, истеъмолчиларга 1,318 миллион тонна бензин етказиб берилганди. 2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1,334 миллион тоннани ташкил этди, 400 минг тонна импорт қилинди (шундан 120 минг тоннаси Аи-80). Истеъмолчиларга 1,46 миллион тонна ёнилғи етказиб берилди. Ушбу ҳажмнинг 1,144 миллиони Аи-80 бензинига тўғри келди: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 891,2 минг тонна, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 252,8 минг тонна ишлаб чиқарилган.

2024 йилда истеъмолчиларга барча маркалар бўйича жами 2,28 миллион тонна бензин етказиб бериш режалаштирилган. Шу билан бирга, Аи-80 ишлаб чиқариш 1,094 миллион тоннагача камайиши, ушбу турдаги ёнилғининг марказлаштирилган импорти эса 200 минг тоннагача ошиши кутилмоқда (тадбиркорларнинг харидларини ҳисобга олмаганда).

Бензин импорти ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Ўтган йили 2022 йилга нисбатан 279 минг тонна кўп импорт қилинган бўлса, жорий йилда 2023 йилга нисбатан 600 минг тоннага кўпроқ импорт қилиш режалаштирилган.

Ўзбекистон истеъмолчиларининг бензинга бўлган кунлик талаби ўртача 5 минг тоннани (шундан 3650 тоннаси Аи-80) ташкил этади. Ҳаво ҳарорати пасайганда, одатда, аҳоли ва ижтимоий объектларни газ билан таъминлаш мақсадида газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар киритилади. Натижада бензинга бўлган кунлик талаб 8 минг тоннага (шундан 7,5 минг тоннаси Аи-80) ошади.

«Мамлакатимизда бензин тақчиллиги кутилмаяпти. Бизда етарли миқдорда бензин бор, шунингдек, халқ орасида „арзон бензин“ деб номланувчи Аи-80 ҳам етарли. Шу сабабли ҳамюртларимиз бензин ҳақида қайғуриши шарт эмас. Дарҳақиқат, виждонсиз тадбиркорлар томонидан фирибгарлик ҳолатлари мавжуд. Бироқ бундай ҳолатлар вазирлик ҳузуридаги „Ўзэнергоинспекция“ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан дарҳол бартараф этилади», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Вазирлик экспертларга таяниб, Аи-80 бензини «аслида экологик жиҳатдан зарарли эканини ва барча ривожланган давлатлар ушбу бензин маркасидан аллақачон воз кечганини» таъкидлади.

«Табиатга етказаётган зараридан ташқари, автомобилларнинг техник ҳолатига етказаётган зарари ҳам катта. Хусусан, бензиннинг октан сони унинг детонацияга мойиллик кўрсаткичи бўлиб, паст октанли бензин, жумладан, Аи-80 бензинидан фойдаланиш ички ёнув двигателининг анормал ишлашига ва муддатидан олдин ишдан чиқишига олиб келиши мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.

Акциз солиғи бўйича имтиёзларнинг бекор қилиниши, таъкидланганидек, «иқтисодий ривожланиш учун ҳам, атроф-муҳитни яхшилаш учун ҳам имконият яратади».