Ўзбекистон 2026 йилгача Аи-80 бензин ишлаб чиқаришдан воз кечишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги «Газета.uz»га маълум қилди. Бунга қуйидаги чора-тадбирлар орқали эришиш режалаштирилган.

АГТКШлари учун газ етказиб беришни кўпайтириш

2022 йилда ёқилғи қуйиш шохобчаларига 4,6 миллиард куб метр, 2023 йилда 4,83 миллиард куб метр газ етказиб берилган. 2024 йилда ҳажмларни 5,39 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилган. Таъминотнинг кўпайиши деярли 400 минг тонна бензинни ўрнини босиш имконини беради.

2023 йилнинг январь ойидаги аномал совуқ даврида газ қуйиш шохобчаларига кунига 4,4 миллион куб метр, август ойида эса 15,4 миллион куб метр газ етказиб берилган.

Электр транспорт воситаларига ўтиш

Расмийлар электр транспорт воситаларидан фойдаланишни оммалаштириш ва улар учун инфратузилма яратишни режалаштирмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, январь октябрь ойларида мамлакатга 26 мингта электромобиль импорт қилинган бўлиб, улар учун 123 та зарядлаш станцияси мавжуд (бироқ бундай станцияларнинг оператори TokBor унинг 200 дан ортиқ электр қувватлантириш станциялари мавжудлигини маълум қилган).

Мутаҳасис ҳисоб-китобларига кўра, 100 км масофага 14−15 кВт электр энергияси сарфланади, бу эса тахминан 30 минг сўмни ташкил қилади. Таққослаш учун, бундай масофага бензин нархи 80 минг сўмдан 130 минг сўмгача бўлади.

Энергетика вазирлиги томонидан республиканинг барча ҳудудлари учун 70 дан ортиқ қувватлантириш станцияларини марказлаштирилган ҳолда таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, хусусий компаниялар томонидан 50 минг станция қурилиши кутилмоқда. 2033 йилга бориб Ўзбекистонда электромобиллар сони 700 минг донадан ошиши режалаштирилган, бу эса қўшимча 1,8−2,2 ГВт электр энергиясини талаб қилади.

Ушбу талабни қондириш учун Масдар (БАА) ва Gezhouba Group (Хитойнинг China Energy Engineering Corporation шўба корхонаси) билан биргаликда деярли 5 ГВт қувватга эга йирик электр энергиясини сақлаш тизимларини қуриш режалаштирилган.

Аи-80 зарари

Дунёда Аи-80 бензини фақат Ўзбекистон ва Афғонистонда ишлаб чиқарилади. 2026 йилгача уни босқичма-босқич тўхтатиш режалаштирилган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди, унга кўра Аи-80 бензин ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга туширишни тақиқлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, К-2 (Евро-2) стандартидаги бензинни олиб киришни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Ушбу маркадаги бензин таркибида олтингугуртнинг улуши 0,5 фоиздан ошмаслиги керак. Евро-5 стандартига кўра эса бу кўрсаткич 500 баравар кам — 0,001 фоиз. Евро-2`да бензолнинг улуши 5 фоиздан, Евро-5`да эса 1 фоиздан ошмаслиги керак. Евро-5ъда ёниш пайтида ароматик моддаларнинг улуши 35 фоиздан, олефин углеводородларининг улуши эса 18 фоиздан ошмаслиги керак. Евро 2`да бундай талаб йўқ.

Энергетика вазирлиги ушбу таклифларни қўллаб-қувватлади.

Энергетика вазирлигининг қайд этишича, айрим ҳудудлар аҳолиси бензиннинг ёқимсиз ҳидидан шикоят қилган. Бунинг сабаби, кичик хусусий нефтни қайта ишлаш заводларида Аи-80 бензинини белгиланган стандартлар бўйича ишлаб чиқариш, аммо ароматик моддаларга талаблар йўқлиги, бунинг натижасида ёнилғининг октан сонини ошириш ва «жуда ҳидли» бўлиши мумкин бўлган бензин ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ.

Бундай ҳолатлар Тошкент шаҳрида ҳам («Локомотив» боғи ва Паркент кўчасида), вилоятларда ҳам содир бўлди.

Айни пайтда мазкур объектларда ишлаб чиқариш тўхтатилган, «Ўзэнергоинспекция» томонидан тегишли чоралар кўрилган.

Юқори стандартларга ўтиш

Аи-92 ва ундан юқори турдаги бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали 2026 йил охиригача Аи-80 ишлаб чиқаришни қисқартириш режалаштирилган. Бунга параллель равишда юқори октанли бензин маркаларига акциз солиғи ставкаларини камайтириш таклиф қилинмоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, шу мақсадда Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларини Евро-5 ва Евро-6 бензин ишлаб чиқаришга ўтказиш бўйича дастурлар ишлаб чиқилган. Энергия тарифлари кеч оширилгани сабабли нефть-газ соҳасида инвестиция дастурларини амалга оширишда кечикиш кузатилди, дея таъкидлади давлат органи.

Дастлаб, 2025 йил охиригача БНҚИЗ модернизациясини якунлаш ва ёқилғи ишлаб чиқаришни Евро-5 стандартига ўтказиш режалаштирилган эди, аммо бу сана 2026 йилга кўчирилди. У ерда изомеризация заводларини қуриш режалаштирилган. ФНҚИЗни модернизация қилиш 2025 йилда якунланиши ва гидрокрекинг жараёнини бошлаш режалаштирилган.

2022 йилда мамлакатда 1 миллион 255 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган, 121,3 минг тонна импорт қилинган, истеъмолчиларга 1,318 миллион тонна бензин етказиб берилган. 2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1,334 миллион тоннани ташкил этди, 400 минг тонна импорт қилинди (шундан 120 минг тоннаси Аи-80). Истеъмолчиларга 1,46 миллион тонна ёнилғи етказиб берилди. Ушбу ҳажмнинг 1,144 миллиони Аи-80 бензинига тўғри келди: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 891,2 минг тонна, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 252,8 минг тонна ишлаб чиқарилган.

2024 йилда истеъмолчиларга 2,28 миллион тонна барча маркадаги бензин етказиб бериш режалаштирилган. Шу билан бирга, Аи-80 ишлаб чиқариш 1,094 миллион тоннагача камайиши, ушбу турдаги ёқилғининг марказлаштирилган импорти эса 200 минг тоннагача ошиши кутилмоқда (тадбиркорларнинг харидларини ҳисобга олмаганда).

Нархни чегаралаш

Аввал айтиб ўтганимиздек, ҳукумат барча ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 бензиннинг максимал сотиш нархини 8 минг сўм этиб белгилаш ниятида. Аи-92 бензини нархи 9500 сўм бўлиши билан истеъмолчилар босқичма-босқич сифатли бензинга ўтиши кутилмоқда. Юқори октанли бензин таннархини пасайтириш учун уни ишлаб чиқариш ва импорт қилишни кўпайтириш режалаштирилган.

Кўпроқ экологик тоза автомобилларни чиқариш

Бундан ташқари, Ўзбекистонда Аи-80 бензини билан «заправка» қилиб бўлмайдиган, яъни фақат Евро-5 ва Евро-6 ёнилғиси мос келадиган автомобиллар ишлаб чиқарилади.

Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўхтатиш режалари ҳақида илк бор 2020 йил июнь ойида, «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Меҳриддин Абдуллаевнинг Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташрифидан сўнг хабар берилган эди. Кейин корхона матбуот хизмати заводни модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси туфайли бу ерда Аи-91, Аи-93 ва Аи-95 маркали юқори октанли бензин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Аи-80 бензинни эса ишлаб чиқаришни тўхтатиш ҳақида маълум қилди.

2022 йилдан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» Аи-80 ишлаб чиқаришни босқичма-босқич тўхтатишни режалаштирган эди, бироқ бу маркадаги ёқилғи Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган бўлиб қолмоқда.

«Газета.uz» ўтган йили Аи-80 бензинига акциз солиғи вақтинча бекор қилиниши туфайли давлат бюджети 100 миллион доллар даромад йўқотгани, бироқ Ўзбекистон аҳолиси бу имтиёздан деярли наф олмагани ҳақида хабар берганди. Энергетика вазирлиги асосий фойда олувчилар тадбиркорлар эканлигини тасдиқлади.

Бундан ташқари, бозорда рақобатни ривожлантириш мақсадида «Татнефть», «Лукойл», «Газпромнефт» ва Seneg компанияларини автомобиль йўллари бўйлаб 80 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчалари қурилишига жалб этиш режалаштирилаётгани ҳақида ёзган эдик.