1 сентябрдан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг 21 февралдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2024 йилда амалга оширишга оид давлат дастурини тасдиқлаган фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатда айтилишича, транспорт хизматлари аутсорсинг асосида амалга оширилади.

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш президент томонидан 2023 йилнинг сентябрида тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам кўзда тутилган. Унга кўра, 2024 йилда 100 та мактабни қамраб олиш режалаштирилганди.

Ўтган йилнинг ёзида Шавкат Мирзиёев президентликка номзод сифатида Нукусда сайловчилар билан учрашувда олис овуллардаги болалар учун мактаб автобуслари қатновини йўлга қўйиш биринчи Қорақалпоғистондан бошланишини айтганди.

2021 йилда UNICEF ва Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мактабларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича сўров ўтказган. Респондентларнинг ярмидан кўпи мактабга борадиган йўл хавфсиз эмаслигини таъкидлаган. Хусусан, Тошкентда респондентларнинг 60 фоизи шундай жавоб берган. Аксарият мактаб ўқувчилари мактабга пиёда боради.

Ҳудудларда жамоат транспорти ва мактаб ўқувчилари ҳамда боғча тарбияланувчиларини ташиш учун автобус, микроавтобуслар йўқлиги туфайли кўпинча болаларни ташишда Damas`лар ва енгил автомашиналардан фойдаланилади. Баъзи ҳолларда ҳайдовчилар уларга 20 дан ортиқ болани сиғдира олган.