Қорақалпоғистон олис овулларидаги болаларни ташиш учун мактаб автобуслари қатнови йўлга қўйиладиган биринчи вилоят бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 12 июнь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) президентликка номзод сифатида Нукусда сайловчилар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда партия матбуот хизмати.

Президентликка номзод 1−4-синф ўқувчиларига бепул овқат бериш Қорақалпоғистондан бошланганини эслатиб ўтди. У 2021 йилда давлат раҳбари лавозимига номзод сифатида ушбу таклиф билан чиққан эди. Кейин ўқувчилар учун бепул тушлик бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқалди.

«Энди, олис ва чекка овуллардаги болажонларимизнинг мактабга бориши учун автобус қатновини ҳам, биринчи бўлиб шу заминдан бошлаймиз», — деб таъкидлади номзод.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда 160 та янги боғча қурилиши ва таъмирланиши, 2 мингта хусусий боғча ташкил қилинишини айтиб ўтди.

Келгуси етти йилда қўшимча 100 минг янги ўқувчи ўрни яратилиши лозим. Бунда, 30 та янги мактаб ва 150 та мактаб учун қўшимча бино қурилади, 350 таси таъмирланади. Ихтисослашган мактаблар сони эса, 2 карра оширилиб, 32 тага етказилади.

«Натижада, Қорақалпоғистондаги мактабларда 30−35 нафардан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди», — дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.