️Наманган туманида Damas автомобилида 25 нафар бола олиб кетилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Ҳайдовчи ҳолатни изоҳлар экан, у ҳар куни болаларни боғчадан олиб қайтиши, шу сафар уларнинг сони кўпайиб кетганини билдирди.

Унга огоҳлантириш берилиб, ўрнатилган тартибда чора кўрилди, — дейилади хабарда.

Маълумот учун, 12 ёшга тўлмаган болаларни ушлаб турувчи махсус қурилма ўрнатилмаган транспорт воситасининг олд ўриндиғида ташиш тақиқланади. Шунингдек, ташилаётган йўловчилар сони транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ бўлмаслиги керак. Damas учун бу миқдор 7 йўловчини ташкил этади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг одам ташиш қоидаларини бузиши базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми (150 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Олдин шунга ўхшаш ҳолат Фарғона вилоятида қайд этилган. Ўшанда 28 нафар болалар боғчаси тарбияланувчиси Damas’да уйларига олиб кетилаётгани аниқланган. Ҳайдовчи тегишли гувоҳнома ва бошқа рухсатномаларга эга бўлмаган.

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида ҳам тўхтатилган Damas автомобилида 18 нафар йўловчи — катталар ва болалар олиб кетилаётгани аниқланган.
Сурхондарёда эса Damas автомашинасида 25 бола ташилаётгани маълум бўлган.