Янгиланди: ҳокимлик ўз хабарини таҳрирлаб, ундан ёғингарчилик ҳажми икки ойлик меъёрдан ошиши айтилган қисмини ўчирди.

Тошкент шаҳрида 18 февраль куни қор ёғиши, у камида 12 соат давом этиши кутилмоқда, дея хабар берди пойтахт ҳокимлиги.

Фуқароларга заруратсиз уйдан чиқмаслик, шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишни минималлаштиришга ҳаракат қилиш ва ҳаракатланиш учун жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия қилинди.

Аҳолидан қор ва муз массалари тушиши мумкин бўлган кўп қаватли бинолардан сақланиш, қулоқчин таққан ҳолда ташқарига чиқмаслик сўралди — бу яқинлашиб келаётган машина ёки қор тушишини эшитмай қолишга олиб келиши мумкин.

Автомобилларни кўп қаватли бино ва иншоотлар, шунингдек, дарахтлар тагида қолдириш тавсия этилмайди.

Электр ёки газ таъминотида узилишлар юзага келган тақдирда Марказий диспетчерлик хизматининг 1055 рақамига ёки Telegram орқали мурожаат қилиш керак.

Қор ёғиши оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш учун ҳокимлик хизматлари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар шай ҳолатда, дея ишонтирди ҳокимлик.

Қайд этиш керак, Ўзгидромет хизмати агентлиги кучли қор ёғиши ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш бермаганди.

Агентлиги якшанба куни эрталаб Тошкентда вақти-вақти билан қор ёғиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Унга кўра, йўлларда яхмалак кузатилади. Шамол 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат −1…+1 даража бўлади.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, бироқ Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кузатилмайди. Баъзи жойларига туман тушади, йўлларда яхмалак бўлади.

Шамол 7−12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат −3…+2, шимолда 0…-5 даража бўлади.

Тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қор ёғиб, туман тушиши мумкин. Йўлларда баъзи жойларда яхмалак кузатилади. Қор кўчиш хавфи бор. Шамол 7−12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат −4…−9 даража бўлади.

Бир кун аввал Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларини қорли ва совуқ кунларда кўчада эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишга, бинолар томидан тушиши мумкин бўлган қор ва музлардан эҳтиёт бўлишга чақирганди.