Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида ўзи яшаб турган мамлакатнинг давлат тилини билмайдиганлар ҳақида айтган фикрлари Ўзбекистонда ҳам, ундан ташқарида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Давлат Умаров ўз мақоласида муҳокамаларга сабаб бўлган масала юзасидан жамиятда бўлинишларга йўл қўймаслик ва мавжуд муаммоларни ечиш учун масъулиятни олишдан қочмаслик муҳимлиги ҳақида мулоҳаза юритади.

Дастлаб Россия ТИВнинг ректор бўйича баёноти ҳақида икки оғиз гап. Шерзодхон Қудратхўжанинг Россия ташқи сиёсат идорасига хуш келмаган сўзлари Россия фуқароларига эмас, балки ўзбек тилини билмайдиган Ўзбекистон фуқароларига қаратилган эди. Суверен давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилини ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ, шу боис бу мавзуга бошқа давлат фуқароси ёки ташкилотининг аралашишга ҳақи йўқ.

Ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси каби Шерзодхон Қудратхўжа ҳам Ўзбекистон жамиятидаги масалалар юзасидан ўз шахсий фикрини билдиришга тўла ҳақли. Шундай экан, Қудратхўжанинг фикрларига қўшилиш-қўшилмаслигимиздан қатъи назар, унга бошқа бир давлат вакиллари томонидан таҳдид-тажовуз қилинишига йўл қўймаслик зарур.

Ректор айтган гаплар кўплаб ўзбекистонликлар томонидан қўллаб-қувватланди. Россия ТИВ баёнотидан сўнг бу қўллов янада кучайди. Айни вақтда, Шерзодхон Қудратхўжанинг ўзбек тили роли ва нуфузини ошириш йўлидаги қайғуришини олқишласак ҳам, у келтирган аргументлар ва уларни қандай айтганлиги жамиятни турли лагерларга бўлиб юборганини ҳам қайд этиш жоиз. Бундай бўлинишга эса, айниқса олдимизда замонавий таҳдидлар турган бир пайтда, йўл қўйиб бўлмайди.

Ўзбек тилининг жозибадорлиги билан боғлиқ барча муаммолар, аввало, шу тил эгаларига боғлиқ муаммо эканлигини ёддан чиқармаслик лозим. Бу ўзбек тилини билмайдиганларнинг айби эмас. Рус, қозоқ, қирғиз, тожик, корейс ёки бошқа элатга мансуб ВАТАНДОШЛАРИМИЗГА: «Шунча йил Ўзбекистонда яшаб, нега ўзбек тилини билмайсиз?», дегандан кўра, ўзимиздан: «Ўзбек тилини ўрганиш учун қандай шароитлар ва рағбатлар яратдик?», деб сўрашимиз керак. Балки шу тариқа масала ечимига тезроқ етиб борармиз. Мен муаммо пайдо бўлган жойда унга ечим топиш масъулиятини ўз зиммамизга олиш тарафдориман.

Ечимни, масалан, хулқ-атвор иқтисодиётидан топса ҳам бўлади. Унга кўра, тўғри рағбатлар яратилганда, одамлар ўз қарашлари ёки ҳаракатларини ўзгартириши мумкин. Бунга муҳитни мақсадга мослаштириш орқали эришиш мумкин — масалан, тилни ўрганишга муҳит ундаши каби.

Ҳарбий хизматда бўлган русийзабон ҳамюртларимиз хизмат давомида ўзбекчани ўрганиб олгани ҳақида кўп эшитганмиз. Нега шундай бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Чунки бунда муҳит ўз ишини қилади. Олий таълимда ёки меҳнат жамоаларида ҳам тил шундай ўрганилади.

Шу ўринда эътиборингизни «Кўринмас қўл» Telegram-канали муаллифининг фикрларига қаратмоқчиман. У ўзбек тилининг жозибадорлигини уни ўрганиш орқали очиладиган имкониятлар ва тилни ўрганиш харажатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқишни таклиф қилади. Муаллифга кўра, имкониятларга ўзбек тилини ўрганганда топиладиган қўшимча даромад ва ўзбек тилида мавжуд бўлган ахборот ҳажми (китоб, кино, мусиқа ва бошқалар) киради. Харажатлар эса тилни ўрганиш учун материалларнинг етарлилиги, уларнинг сифати ва хамёнбоплигидан иборат.

«Агар биз ўзбек тилини кўпроқ одам ўрганишини хоҳласак, унинг жозибадорлиги ҳақида фикр юритишимиз керак», — дейди у. Бунга эса имкониятларни ошириш ва ўрганиш харажатини пасайтириш орқали эришилади.

Келинг, бир нарсани тан олайлик — сўнгги ўнлаб йиллар давомида тил бўйича рағбатлар аксига ишласа ишлади-ки, лекин ўзбек тилини ўрганишга ундагани йўқ. Масалан, фарзандини, маълум бир сабабларга кўра, ҳали ҳам рус тилида таълим бериладиган боғча ё мактабга юборадиганлар бор. Сўнгги йилларда кўпчилик боласининг ёшлигидан инглиз ва бошқа чет тилларни ўрганишига ҳаракат қилмоқда.

Рағбатлар яратиш кераклиги ҳақида журналист Қаҳрамон Асланов ҳам жуда муҳим фикрни билдирди: «Маҳаллий тилни ўрганиш эҳтиёжи бўлиши керак. Бирламчи тил ўзбек тили бўлиши керак. Фақат ўзбек тилини биладиган одам қийналмаслиги керак. Бўлди. Ўзбек тилини билмайдиган одамга „ўзбекчани ўрганасан“ деган талабни қўйиш, уни билмагани учун айблаш — нотўғри».

Кимдир: «Мактабларда бошланғич синфдан бошлаб ўзбек тили ўргатилади-ку», дейиши мумкин. Қизиғи, исталган бошқа масалага келганда худди шу мактаб таълимининг сон-саноқсиз камчиликларини санаб бера оламиз. Ўзимиз ишонмай қўйган, доимо танқид қилиб келадиган тизим ўзбек тилини ҳам яхши ўргатиб қўя олмаслиги хаёлимизга ҳам келмайди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми мустақилликдан аввал берилган бўлса-да, яқин-яқингача ҳам давлат идораларида расмий ҳужжатлар аввал рус тилида тайёрланиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинарди. Ўзбек тилида китоблар чоп этилишига етарлича эътибор қаратилмасди, она тилимизда сифатли илмий изланишлар етишмовчилиги ҳалигача сезилади.

Яқин вақтгача Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилувчи халқаро ташкилотлар муҳим ҳисоботлари ёки ҳукумат учун сиёсий маслаҳатларини асосан инглиз ва рус тилида тайёрларди. Ваҳоланки, бу ҳисоботлар бутун жамоатчилик учун муҳим билимлар тўпланмаси.

Ўзбек тилини мустақил ўрганиш имконини берувчи яхши дарслик ёки мутахассислар ҳам деярли йўқ эди. Кимдир: «Чунки уларга талаб бўлмаган-да», дейиши мумкин, лекин бундай талаб айнан тил жозибадорлиги юқори бўлган муҳитда пайдо бўлади. Сўнгги йилларда пайдо бўлган тил курслари (жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ибрат фарзандлари» каби онлайн-лойиҳалар ҳам) ва тил ўқитувчилари бу вазиятни ўзгартириш имкониятига эга.

Яқинда ўзбек тилини ўрганиш учун онлайн-курслар тайёрлаган Саида Рашидовани кўчада катта ёшдаги рус аёл тўхтатиб, дарслари учун миннатдорлик билдирганига гувоҳ бўлгандим. Аёл кўп йиллардан бери ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлгани, лекин бунинг учун яхши курс топа олмаганини таъкидлаган эди.

Одамларни тилни билмагани учун уялтириш — тилни тараққий эттириш, оммалаштириш йўлидаги муҳим муаммоларни тан олиш ва уларни ҳал қилишга киришишдан кўра анча осон, албатта. Аммо тилни ўрганиш учун муҳит яратилмаса, сифатли мутахассислар тайёрланмаса ва мактабдан бошлаб барча бўғинларда тил яхши ўқитилмаса, «ўзбек тилини билмаган ё босқинчи, ё аҳмоқ» қабилидаги фикрлар билан ўзбек тилини ўрганишни талаб қилиш қанчалик адолатдан ўзи?

Ҳақиқий ислоҳотларни, ўзбек тили жозибадор ва ҳақиқатда давлат тили даражасига кўтарилишини чин дилдан хоҳлайдиган жамият уни ривожлантириш масъулиятини биринчи навбатда ўз зиммасига олиши лозим. Яхши мақсадларни кўзлаб айтилган баъзи фикрлар эса жамиятни иккига бўлиши ва ихтилоф ясашга хизмат қилиши мумкин.