Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Жанубий Кореяда ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликларни 29 февралгача мамлакатдан чиқиб кетишга чақирди.

Агентлик хабарида қайд этилишича, Жанубий Кореяда ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари 2024 йил 29 февралгача ушбу давлатдан чиқиб кетиши мумкин. Бунинг учун чиқиб кетишдан 3 иш куни олдин Иммиграция хизматига бориб, кетиш тўғрисида ихтиёрий ариза тўлдириш, паспорт ва авиачипта тақдим этиш зарур. Иммиграция хизмати берадиган тасдиқнома билан ватанга муаммосиз қайтиб келиши мумкин.

Иммиграция хизмати маълум қилишича, ноқонуний бўлиб турган фуқаро ушбу имкониятдан фойдаланиб, ўз хоҳиши билан чиқиб кетса, депортация қилинмайди ва келгусида Жанубий Кореяга қайта кириб бориш имкониятига эга бўлади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларни Жанубий Корея миграция қонунларини бузмасликка ва нолегал ҳолатга ўтмасликка чақирган.